Тошкентда енгил атлетика бўйича Ўзбекистон очиқ кубоги ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекисон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси томонидан ташкил этилган мазкур мусобақада спортчиларимиздан ташқари Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган 350 нафарга яқин атлет куч синашди.

Мусобақанинг ўнкураш баҳсларида тажрибали ўзбекистонлик спортчи Леонид Андреев 8250 очко тўплаб биринчи ўринни қўлга киритди. Найза, босқон, ядро ва диск улоқтиришда Улуғбек Эгамбердиев, Суҳроб Хўжаев, Сергей Дементьев, Санобар Эркинова, София Бурҳонова шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Уч ҳатлаб ва узунликка сакраш баҳсларида Руслан Қурбонов ва Тимур Ҳуснулинга тенг келадиган топилмади. 

Ўн километрга спортча юриш бўйича Шоҳрух Саломов ва Зуҳра Қаҳрамонова, 110 метрга тўсиқлар оша югуришда Николай Розанов ва Валентина Кибальникова барча рақибларини ортда қолдирди.

Турли масофаларга югуриш баҳсларида Жалолиддин Ҳамроқулов, Сардор Бахтиёров, Андрей Куликов, Роман Штукан, Зулфизар Абдуллаева, Кумуш Матёқубова, Муаттар Баратова марра чизиғига биринчи келди. 100 метрга эстафета баҳсларида Тошкент шаҳри жамоаси ғолибликни қўлга киритди.