Тошкентдаги Халқаро Бизнес Марказда Ўзбекистон Республикасида шамол энергияси салоҳиятини ривожлантиришга бағишланган иккинчи миллий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, табиатни муҳофаза қилиш давлат Қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги гидрометеорологик хизмат маркази, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, «Ўзбекенерго» АЖ, Ёқилғи ва энергия алтернатив манбалари корхоналари ассоциацияси каби ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассислари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва ривожланиш институтлари вакиллари қатнашишди.

Шамол атласига асосланган ҳолда «Ўзбекенерго» АЖ томонидан иккита истиқболли ҳудуд аниқланган - булардан бири Навоий вилоятида ва иккинчиси Қорақалпоғистон Республикасида, яъни кўплаб саноатлар ривожланган минтақаларда жойлашган бўлиб, ушбу ҳудудларда шамол энергияси имкониятларини янада аниқроқ ўлчаш учун ишлар олиб боришга қарор қилинган. Ҳар икки ҳудудда ҳам узоқ муддатли сифатли шамол шартлари мавжуд бўлиб (Нукусда 60 минг МВт ва Зарафшонда 75 минг МВт) улар қулай жойлашгандирлар.

85 метр баландликдаги шамол тезлиги ва йўналишини, ҳаво зичлиги ва ҳароратини ўлчовчи асбоб ускуналар ўрнатилган метеорологик миноралар (мачталар) ўрнатилди. Олиб борилган ўлчаш натижалари сунъий йўлдош орқали серверга қўшимча таҳлил учун юборилган ва у эрда бўлажак инвестиция лойиҳаси учун шамол турбиналарининг энг оптимал қуввати ва потенциал электр энергия ишлаб чиқарилиши мумкин бўлган ҳажмни аниқлаш учун ишлатилди. Шамол турбиналари паркида фойдаланиш учун бозорда тайёр таклиф этиладиган саноат стандартига айланган шамол турбинаси ечимлари, яъни 100 метр узунликдаги ротор, 100 метр баландликда ўрнатиладиган, 3 МВт генератор (34 қурилма) йилига 102 МВт∙с ишлаб чиқарувчи ускуналар танланган.

Ҳар бир ҳудудда олиб борилган ўлчашлар натижалари қуйидагиларни кўрсатди: Нукус ҳудудида йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 326 миллион кВт∙с Зарафшон ҳудудида – 358 миллион кВт∙с. Ҳар икки ҳудудда ҳам қўшимча ўлчаш натижаларига асосланган ҳолда лойиҳани кенгайтириш учун улкан имкониятлар бор.