13 июнь куни Молия вазирлиги қошидаги Республика йўл фонди томонидан матбуот конференцияси ўтказилди, унда автомобиль йўлларининг қурилиши ва қайта таъмирланиши ҳамда бу мақсадларда ҳалқаро молия институтларини жалб қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Тадбир ташкилотчилари мустақиллик йилларида республика раҳбариятининг транспорт инфратузилмасига, хусусан, янги йўлларнинг қурилиши ҳамда эскиларининг таъмирланиши, уларнинг сифатини халқаро даражага олиб чиқишга катта эътибор қаратаётганини алоҳида таъкидлашди. 

Бу гаплар рақамларда ўз исботини топди. 2006 йилда автомобиль йўлларининг қурилиши ва қайта таъмирланишига 31,6 миллиард сўм ажратилган бўлса, 2016 йил худди шу мақсадда 1 781,6 миллиард сўм сафарбар этилди. Улардан 1 280 миллиард сўм - Республика йўл жамғармасининг маблағлари, 501,6 миллиард сўм халқаро молия институтлари воситаларидир.

Демак, ўтган ўн йил ичида автомобиль йўлларини қуриш ва қайта таъмирлашга молиявий воситаларнинг ажратилиши 56 маротаба ошган. 

2016 йилда халқаро талабларга жавоб берувчи 513 километр автомобиль йўлларини қуриш ва қайта таъмирлаш кўзда тутилмоқда, шундан 142 километри цемент билан, 371 километри эса асфальтбетон билан қопланади.

2009 йилдан то 2018 йилга қадар мамлакатда 1 108 километр автомобиль йўлларининг қайта таъмирланиши режалаштирилган.