2 июль куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларида ўз фуқаролик ҳуқуқларидан фойдалана олмайдиган австралиялик сайловчилар 14 июндан бошлаб овоз беришлари мумкин. Бу ҳақда Миллий сайлов комиссиясида маълум қилишди. Бугундан эътиборан махсус сайлов участкалари ўз ишини бошлаган. 

Сайлов комиссиясида маълум қилишларича, вақтлироқ овоз бериш учун сайловчида жиддий сабаб бўлиши ва бу ҳақда сайлов комиссияси ходимини огоҳлантириши лозим. Масалан, иш вақти тўғри келмаслиги, саёҳат ёки хасталиги туфайли 2 июлдаги овоз бериш жараёнида қатнаша олмайдиганлар ҳозирдан овоз берсалар бўлади. 3 йил аввалги парламент сайловларида, сайловчиларнинг қарийб 3,7 млн нафари бундай имкониятдан фойдаланган. 

Айтиш жоизки, Австралия сайловларида овоз бериш нафақат фуқаролик ҳуқуқи, балки мажбурияти ҳам ҳисобланади. Унда иштирок этмаган сайловчи жаримага тортилади. 

Парламент сайловида ҳукмрон Либерал миллий коалиция ҳамда мухолифатдаги Лейбористлар партияси кўпроқ ўрин олиши мумкинлиги хабар қилинмоқда. 

Сўнгги ижтимоий сўровларга кўра, сайловда яққол фаворит йўқ бўлиб, икки сиёсий куч ҳам бир хил имкониятга эга.