1,19 миллиондан ортиқ қочқинлар 2017 йилда бошқа мамлакатларга кўчиб ўтишга эҳтиёж сезишади, уларнинг 40 фоизи сурияликлардан иборат бўлади. Бу ҳақида БМТнинг қочоқлар бўйича олий комиссар бошқармасининг (ҚОКБ) Женевада чоп этилган маърузасида маълум қилинган. 

"Баъзи мамлакатлар томонидан қайта жойлашув учун квоталарни кўпайтириш, глобал имкониятларнинг кенгайиши ва таклифларнинг ўсишига қарамай, кўчишга муҳтож одамлар сони 1,19 миллиондан ошади", - маълум қилади ҚОКБ.

Энг катта гуруҳни сурияликлар ташкил қилади. Ундан сўнг суданликлар (11 фоиз), афғонлар (10 фоиз) ва конголиклар (9 фоиз) келади.

ҚОКБда мамлакатларнинг қочқинлар жойлашиши учун кейинги йилга 170 минг ўрин таклиф қилишини кутишмоқда. Бу жорий йилдагидан (143 минг) анча кўп.

"Қайта жойлаштириш ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ ва биз бу имкониятдан фойдаланишимиз керак", - деди БМТнинг қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди. Унинг сўзларига кўра, гап "қочқинлар ҳимояси учун жавобгарликни бўлиб бериш зарурати ҳақида кетмоқда", лекин бу йўналишда "анча кўп иш қилиниши керак". 

ҚОКБ жорий йилнинг март ойида дунё ҳамжамиятига катта қийинчиликларни бошдан кечираётган Суриянинг қўши мамлакатларида жойлашган сурияликларнинг 10 фоизини (480 минг) бошқа жойларга кўчиришга чақириб мурожаат қилган. БМТ муаммонинг ечимини топиш учун қайта жойлашувдан ташқари қочқинларга гуманитар визалар ва стипендиялар тақдим қилиниши, оилаларни қайта бирлаштириш каби "қўшимча йўллар"ни ўрганиб чиқмоқда.

Маърузага кўра, 2015 йилда АҚШ қайта жойлашув учун 82 мингдан ортиқ жой тақдим этган, Канада - 23 минг атрофида, Австралия - 9 мингдан ортиқ, Норвегия - 4 мингдан ортиқ жой ажратган.