Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Чимён садоси – 2016” халқаро экологик сайёҳлик фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Мазкур фестиваль ёш авлодни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бетакрор табиатимиз неъматларини асраб-авайлашга ўргатиш, экологик туризмни ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

“Биз – тоза Чимён учун” экологик акциясида Чимён ҳудуди турли чиқиндилардан тозаланди. Бу ерда дам олаётган сайёҳлар ўртасида табиатни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Фестиваль доирасида ўтказилган “Очиқ осмон остида экомактаб” машғулотлари ҳам иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Унда биохилма-хилликни асрашга қаратилган  қизиқарли ўйинлар ва танловлар ташкил этилди.