АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод миллиардер Дональд Трамп бугун - 14 июнь куни ўзининг 70 ёшлигини нишонламоқда. Ёшига қарамай сиёсатчи президентлик пойгасида фаол. 13 июнь - душанба куни у Нью-Ҳемпшир штатидаги тарафдорлари билан учрашди, 14 июнь - сешанба куни республикачи Шимолий Каролина штатидаги Гринсборо спорт аренасида митинг уюштирмоқда. Бу ҳафтада у Атланта (Жоржия штати), Хьюстон ва Даллас (Техас штати), шунингдек Лас-Вегас (Невада штати)га боришни режалаштирган. 

Трампнинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан Тампа шаҳрида (Флорида штати) унинг мухлислари кумирига "Happy birthday to you!" қўшиғини куйлаб табриклашди. Миллиардер бунга жавобан кулиб юборди ва "бу ҳақида эшитгиси ҳам келмаётгани"ни айтди. 

"Мен ўзимни 35 ёшдек ҳис қиляпман ва бу яхши янгилик" деди Трамп.

Тадбиркор ва телепродюсер АҚШда бўлиб ўтаётган бу йилги сайлов олди президентлик кампанияларининг энг ёрқин ва жанжалкаш иштирокчиси сифатида ўзини намоён қилди. Ижтимоий сўровномаларга кўра, оммавий ва провакацион чиқишлари билан машҳур миллиардерни асосан анъанавий сиёсатдан ҳафсаласи пир бўлган америкаликлар қўллаб-қувватлашмоқда. 

Трамп Иккинчи жаҳон урушидан аввал Нью-Йоркнинг Бруклин ва Куинс ҳудудларида арзон турар жойлар қуриб давлат орттирган отасининг бойлигини мерос қилиб олган. У бизнесни ривожлантиришда йўналишини вақтида ўзгартириб, ўз диққатини қимматбаҳо идора бинолари, меҳмонхоналар, казино ва гольф-клубларга қаратди. Йиллар ўтган сари унинг фаолияти доирасига яна ресторанлар, ипотека, пойафзал ва кийим-кечак, заргарлик буюмлари, мебель, уй учун товарлар, мода олами ва бошқалар қўшилди. "АҚШ гўзали" ва "Коинот гўзали" танловлари Трамп бизнесининг "жавоҳири"га айланди.

70 ёшли магнатнинг 5 нафар фарзанди ва 8 нафар невараси бор. 

Сайлов олди кампаниялари даврида у муҳожирлар, аёллар, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, зиёлилар, санъат вакиллари, шунингдек ОАВ ва Демократик партияни ўзига қарши қилиб қўйишга улгурди. Бироқ шунга қарамасдан миллиардернинг тарафдорлари сони ўсиб бормоқда.