БМТ Бош ассамблеяси 71-сессияси раиси Фижининг БМТдаги доимий вакили Питер Томсон бўлди. Бош ассамблея раҳбари номзодини сайлаш бўйича ёпиқ овоз бериш БМТ бош қароргоҳида ўтди. 

Томсон билан бирга бу лавозим учун Кипр вакили Андреас Маврояннис даъвогарлик қилди. Томсон БМТ Бош ассамблеяси аъзоларининг 94 та овозини, Маврояннис эса 90 та овозини йиғди.

Фижининг 2010 йилдан бери БМТдаги доимий вакили бўлган Томсон унга овоз берганларга миннатдорчилик билдирди ва буни "Тинч океанидаги давлат учун "буюк лаҳза" деб атади.

Унинг айтишича, у ўзининг раислиги вақтида иқлимнинг ўзгариши ва Бош ассамблеянинг аввалги сессиясида қабул қилинган барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. "Биз сессия якунигача 17 та мақсад бўйича тараққиётга эришишимиз лозим", деб айтди Томсон. 

БМТ Бош ассамблеясининг 71-сессияси сентябрда бошланади.