Хавфсизликнинг янги тури – туристик полиция сайёҳларни ҳимоя қилади

Хитой туризм ишлари давлат бошқармаси раҳбари Ли  Цзиньцзаонинг сўзларига қараганда, тез орада “осмон ости мамлакати”да сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида туристик полиция ташкил қилинади. Унинг айтишича,  хукумат мамлакатга келаётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим бўлган маъсулиятини ҳис қилади. Таъкидланишича, бугунги кунда Хитойнинг барча вилоятларида сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Туристик полициянинг ташкил этилиши ҳам мазкур йўналишда амалга оширилаётган эзгу ишларнинг таркибий қисми бўлади. Айни дамда туристик полиция Юньнань вилоятида фаолият юритмоқда. Туристик полициянинг олтита бўлими бор. Хитойда илк  туристик полиция 2015 йилнинг октябрида Хайнань оролининг Санья шаҳрида  ташкил этилган эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда дунёнинг бирор бир мамлакатини сайёҳлар учун тўла маънода хавфсиз, деб бўлмайди. Сайёҳлар ҳар қандай мамлакатда кутилмаган ҳодисалар билан тўқнаш келишлари мумкин. Кўпчилик Европада цивилизация ривожланган, шу сабабли “қўҳна қитъа” мамлакатларида жиноятчилик йўқ, деб ўйлашади. Аммо ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби, Европада ҳам ўғирлик мавжудлиги тан олинади. Нафақат меҳмонхоналарда, балки куппа-кундузи катта кўчада ўғирлик юз бериши мумкин. Бундан ташқари сайёҳларнинг ўзлари қандайдир ҳужжат, пул ёки буюмларини йўқотиб қўйишлари эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, меҳмонхона ходимларининг боқибеғамлигидан ёки ҳуқуқлари бузилишидан азият чекишлари мумкин. Мана шу каби муаммолар пайдо бўлгудек бўлса, у ҳолда туристик полиция ёрдамга келади.

Бугунги кунда ҳар бир сайёҳ борадиган шаҳар ёки курортда полициянинг махсус бўлинмаси фаолият юритади. Улар мураккаб вазиятларга тушиб қолган сайёҳларга ҳар томонлама ёрдам беради. Қоидага кўра туристик полиция ходимлари бир нечта хорижий тилларни билиши керак. Улар ҳар қандай вазиятда хорижий сайёҳларга кўмак беришлари керак бўлади. Туристик полиция ходимлари имкон қадар тезроқ саёҳлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишлари зарур. Шу билан бирга туристик полиция ходимлари ҳамишга ҳам кўнгилдагидек ишламаслиги тан олинади. Айрим ҳолларда улар сайёҳларни эмас, маҳаллий аҳоли вакилларини ҳимоя қилишларидан ҳам асло кўз юмиб бўлмайди.

Латвия пойтахтида анчадан бери туристик полиция ходимлари навбатчилик қилмоқда. Уларнинг вазифаси хорижлик сайёҳларга ҳар томонлама ёрдам беришдан, жумладан, Ригадаги жамоат тартиби қоидаларини тушинтириш, ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари билан мулоқот чоғида таржимонлик қилишдан иборат. Айни дамда бўлимда битта бошлиқ ва 14 нафар инспектор фаолият юритади. Улардан 10 нафари кўчаларда патруллик қилса, тўрт нафари куну тун телефон тармоғига кўз-қулоқ бўлиб туради.

Таиландда туристик полиция 24 соат, дам олишларсиз ишлайди. Бу мамлакатда туристик полицияга йўл транспорт ҳодисалари юз берса, ўғирлик қайд қилинса, меҳмонхона, дўконларда турли муаммолар юз берса мурожаат қилинади.

Пхукет оролида ҳам оддий полициячилардан ташқари туристик полиция фаолият юритади. Шу билан бирга сайёҳлар оддий полиция вакилларига ҳам, туристик полиция ходимларига ҳам мурожаат қилишлари мумкин. Туристик полициянинг афзаллиги шундаки, улар   тил билишади.

Мисрда дам олаётган сайёҳлар тез-тез полицияга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Бунга ўғирлик, фирибгарлик, камситилиш, соғлиққа етказилган зарар каби ҳодисалар сабаб бўлади. “Эҳромлар мамлакати”да  полиция вакиллари катта обрўга эга. Шу сабабли маҳаллий аҳоли полиция билан тўқнаш келишдан ўзларини олиб қочади. Сайёҳлар манфаатларини сўзсиз туристик полиция ҳимоя қилади. Бюджет сайёҳлар келишига тобе бўлгани учун ҳам давлат дам олишга келган хорижликларни муҳофаза қилишга интилади. Мисрда полиция сафларида хизмат қилиш нуфузли саналади.

“Туризм тўғрисида”ги қонунга биноан Болгарияда ҳам Туристик полиция ташкил этилган. Бу, ўз навбатида, туризм вазирлигига катта ваколатлар берилганидан далолат беради. Мазкур бўлим меҳмонхоналар замон талабларига жавоб берадими ёки йўқми деган масалаларни ҳам  ўз зиммасига олган.

Бирлашган Араб Амирликларида туристик полиция мамлакат фуқороларини сайёҳлардан ҳимоя қилади. Аслида улар сайёҳларни маҳаллий аҳолидан муҳофаза қилиши керак эди. Бундан бир неча йил муқаддам Бирлашган амирлик жаҳондаги жиноятчилик энг кам содир этиладиган мамлакат сифатида кўриларди. Аммо сайёҳларнинг кўпайиши, хизмат кўрсатиш соҳасига хорижликларнинг кенг жалб қилиниши туфайли жиноятчилик кўпая борди. Бирлашган Араб Амирликларида туристик полициячилар махсус кийим кийишмайди. Улар оддий фуқоролар сингари шаҳар кўчаларида юриб, хорижликларни суҳбатга тортиб, уларнинг ўй-фикрларидан бохабар  бўлишади.

Сайёҳлик ривожланган шаҳарларда, жумладан, Венецияда бунга катта аҳамият қаратишади. Бу шаҳарда бир гуруҳ одамларни тўплаб, уларни шаҳар бўйлаб сайр қилдириб бўлмайди. Бунинг учун, албата, лицензия олиш зарур.

Полициянинг бу каби тузилмаси Исроил, Испания, Латвия, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Шри-Ланкада ҳам бор. Бу мамлакатлардаги туристик полиция ходимлари сайёҳлик ҳудудларида патруллик қилади ва хорижлик меҳмонларга ҳар томонлама ёрдам берадилар. Айрим мамлакатларда туристик полиция мамлакат қонунларига қай тарзда амал қилинаётганини ҳам назорат қилиб боради. Бир қатор мамлакатларда эса туристик полиция  маҳалий қоида бузувчиларга нисбатан меҳмонлар учун кўпроқ бош оғриғи бўлаётгани ҳам тан олинади.

Туристик полициянинг асосий мақсади сайёҳларга ёрдам беришдан иборат. Шу билан бирга туристик полиция бошқа бир вазифаларни ҳам бажаради. Яъни улар вақти вақти билан экскурсоводларнинг лицензияси бор ёки йўқлигини ҳам текшириб турадилар.

 

Шарофиддин Тўлаганов