Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 14 июнь куни Оқсаройда АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Жозеф Вотелни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари янги лавозимга тайинлангандан сўнг мамлакатимизга илк бор келган меҳмонни қутлар экан, уни юксак ва масъулиятли лавозим билан табриклаб, фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, аввало, ўзаро манфаатга, жумладан, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга асослангани таъкидланди. Мунтазамлик касб этган турли даражадаги ўзаро алоқалар ва маслаҳатлар икки томон учун ҳам манфаатли бўлган ҳамкорликни изчил ривожлантириш имконини бермоқда.

Учрашувда айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш масалалари муҳокама этилди.

Генерал Жозеф Вотел Президентимиз Ислом Каримовга самимий қабул ва томонлар учун долзарб бўлган масалаларни атрофлича муҳокама этиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирди, АҚШ раҳбарияти мамлакатларимиз ўртасидаги серқирра муносабатларни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.