Қатар суди полицияга номусига тажовуз қилингани бўйича мурожаат қилган нидерландиялик қизнинг ўзини никоҳсиз жинсий алоқага киришда айблаб, шартли жазо ва 824 доллар жаримага тортди.

22 ёшли қизнинг адвокати айтишича, март ойида Доҳадаги меҳмонхоналардан бирида қизнинг ичимлигига нимадир қўшиб қўйилган. Шундан кейин қиз ҳушини йўқотган. Кейинроқ у номаълум квартирада ўзига келган ва номусига тажовуз қилинганини англаган.

Қиз яқинларининг айтишича, уни 3 ой аввал ҳибсга олишган, бироқ иш ўтган дам олиш кунлари овоза бўлди.

Суд шунингдек зўравонга нисбатан ҳам ҳукм чиқарди, унга никоҳсиз жинсий алоқага киргани учун 100 марта, спиртли ичимлик истеъмол қилгани учун яна 40 марта қамчилаш белгиланди. 

Қатар Жиноят кодексининг 281-моддасида 16 ёшдан катта бўлган аёл билан айёрлик, зўравонлик қўллаган ҳолда ёки усиз жинсий алоқага кирганлар 7 йилгача озодликдан маҳрум қилинади, худди шундай жазо никоҳсиз бундай алоқага рози бўлган аёлга ҳам белгиланади.

Араб давлатларида бундай воқеалар аввал ҳам содир бўлган. Мисол учун, 2013 йилда БААда полицияга номусига тажовуз қилингани бўйича мурожаат қилган Норвегия фуқароси сохта гувоҳлик бергани, никоҳсиз алоқага киргани ва спиртли ичимликлар истеъмол қилгани учун жазоланган. Кейинроқ у афв этилган ва унга Норвегияга қайтишга рухсат берилган.