Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултан Назарбоев айни дамда Республика Қишлоқ хўжалик вазири лавозимида ишлаб келаётган Асқар Мирзахметовни бош вазир ўринбосари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди. Фармонда “Мирзахметов Асқар Исабекович Қозоғистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалик вазири этиб тайинланиши” таъкидланган. Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Асқар Мирзахметов шу йилнинг 6 май куни Ер кодекси лойиҳасида йўл қўйган хатолари учун мансабидан озод этилган Асилжан Мамитбековнинг ўрнига Қишлоқ хўжалик вазири этиб тайинланган эди.

Асқар Исабекович Мирзахметов 1962 йилнинг  октябрида Чимкент шаҳрида туғилган. Олма-Ота зооветеринария институтини битириб, Умумиттифоқ чорвачилик илмий-тадқиқот институтининг аспирантурасида таҳсил олди. Маълумоти бўйича — зоомуҳандис, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. Умумиттифоқ Қишлоқ хўжалик фанлари академиясининг Шарқ бўлимида илмий ходим бўлиб ишлаган.

1991—1995 йилларда “Қазақстан” республика қурилиш биржаси акциядорлик жамиятининг вице-президенти, “Электроний магазин” компанияси, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Биржалар Уюшмаси Бошқаруви раиси вазифаларида ишлади.

1995-96 йилларда «Tasmo» инвестиция фирмасининг бош директори, «Агро-лизинг» АЖ Бош директори (1996—1999); Қозоғистон бош вазирнининг штатсиз маслаҳатчиси (1997—1999); Қозоғистон Тадбиркорлар Форуми Кенгаши раиси (03.1999—08.1999); Қишлоқ хўжалик вазирининг ўринбосари (08.1999—06.2002) лавозимларида фаолият юритди. 1999 йилдан 2002 йилга қадар  Асқар Мирзахметов «Продкорпорации» директорлар кенгаши аъзоси, директорлар кенгаши раҳбари бўлди. 2002 йилнинг июнь ойида Қишлоқ хўжалик  вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Президент фармонига кўра 2005 йилнинг 25 августида Қишлоқ хўжалик вазири этиб тайинланди.

2006 йилнинг 24 апрелидан 2007 йилнинг 11 сентябрига қадар Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулотда ва Мухтор элчиси  вазифасида ишлаган.

2007 йилнинг сентябридан 2009 йил март ойига қадар қароргоҳи Чимкент шаҳрида бўлган “Жануб” ижтимоий-тадбиркорлик корпорацияси” миллий компанияси акциядорлик жамиятига раҳбарлик қилди. 2009 йилнинг 4 март куни Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими этиб тайинланди. Бу лавозимда 2015 йилнинг 8 августига қадар ишлади. Шундан сўнг «Нур Отан» партияси раисининг биринчи ўринбосари этиб сайланди.

«Курмет» (2010), Россиянинг Дружба  (2013) орденлари соҳиби.

Бош вазир Карим Масимов 14 июнь куни ҳукумат йиғилишида қишлоқ хўжалик вазири Асқар Мирзахметовни ўзининг ўринбосари этиб тайинлангани билан табриклади. Шундан сўнг бош вазирнинг биринчи ўринбосари Бахитжан Сагинтаевга мурожаат қилиб, Ер ислоҳатлари борасида тузилган комиссия иши устидан назоратни Асқар Мирзахметовга топшириш борасида кўрсатма берди.

Ўз навбатида, Асқар Мирзахметов ўзига билдирилган ишонч учун миннадорчилик билдирди. У қабул қилинган қарор қишлоқ хўжалик соҳаси ўта муҳим тармоқ эканлигидан далолат эканини, бу соҳада тўплаган тажриба ва билимини қишлоқ хўжалиги ривожи йўлида  сарфлашга тайёрлигини таъкидлаб ўтди.

Асқар Мирзахметов Ўзбекистондаги элчилик фаолиятида журналистлар билан ҳамкорлик алоқаларини яхши йўлга қўйган ва ўзидан яхши ном қолдирган эди.

 

Шарофиддин Тўлаганов