«Гладиатор» фильми сценарий муаллифи Дэвид Францони айни дамда шоир ва сўфий Жалолиддин Румийнинг шахсий ҳаёти ва ижод йўллари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм сценарийсини ёзишга киришган. 

Фильм сценарий муаллифи ва продюсер истагига кўра Румий образини машҳур актёр Леонардо ди Каприо, унинг устозини эса Роберт Дауни ижро этиши кўзда тутилган.

“Шоир ва сўфий Румий ҳақида фильм суратга олишимизнинг сабаблари кўп. Улардан бири Румийнинг АҚШда жуда машҳурлигидир. Шу боис биз бу шахснинг ижод ва ҳаёт йўлларини ҳикоя қилиб беришимиз лозим”- дейди Дэвид Францони.

Дэвид Францони яқинда Румий ҳаёти ва ижодига тегишли қизиқ манбаларни тўплаш мақсадида Истанбул шаҳрида бўлиб, маълум мутахассислар билан учрашди.

Сценаристнинг айтишига қараганда, Румийнинг ҳаёт йўллари Шекспирни эслатиб, серқирра ижоди дунё бўйлаб муҳим аҳамият касб этади. 

Ҳозирча айрим танқидчилар Леонардо ди Каприо Афғонистонда туғилган шоирга, америкалик актёр Роберт Дауни эса унинг устози ролига муносиб эмас, деган фикрда. 

Дэвид Францони сценарийни 2017 йлда ёзиб тугатишни режалаштирган.