Mercedes-Benz компанияси GLC кроссоверининг водородли ёқилғи ячейкаларида ишлайдиган моторли намунасини ошкор қилди. Концепт кар GLC F-Cell деб номланди.

Немис автомобилсозларининг баёнотига биноан, водород ва кислороднинг кимёвий реакциясидан қувват олувчи электрли двигатель шунчалик ихчам бўлганки, у GLC капоти остига бемалол ўрнашган. Водород учун карбондан ясалган иккита бак кроссовер поли тагига жойлаштирилган. 

Бакларнинг ҳажми 4 килограммдан. Уларни водород қуйиш станцияларида 3 дақиқа ичида қайта тўлдирса бўлади. 

Бундан ташқари, автомобиль кузовининг орқа қисмига ўрнатилган 9 киловатт-соатлик литий-ионли батареяларга ҳам эга. Mercedes-Benz GLC F-Cell айни шу аккумулятор ёрдамида водороддан фойдаланмаган ҳолда 50 километрлар юра олади. Батареяларни хўжалик электр тармоғидан қайта қувватлантирса бўлади. 

Умуман, тормоз вақтида ҳосил бўлган кинетик энергияни рекуперлаш тизимига ҳам эга кроссовер жами 500 кмлар масофани ортда қолдира олади. 

Mercedes-Benz GLC F-Cell кўплаб қисмлари компаниянинг ўзида ишлаб чиқарилади. Хусусан, гап водородни сақлаш баклари ҳақида бормоқда. Янги намунадаги машинанинг батареяларини Daimler AGнинг шахобчаси Accumotive ишлаб чиққан. 

Mercedes-Benz компаниясида қайд этишларича, улар водородли GLCнинг оммавий модели устида иш олиб боришмоқда. Аммо унинг қачон пайдо бўлишига ойдинлик киритилмаган.