АҚШ президенти Барак Обама орландолик қотил йирик экстремистик тузилманинг аъзоси экани ҳақида исботлар йўқлигини айтди, деб хабар бермоқда Associated Press.

Обаманинг айтишича, қотил интернет орқали тарқалган экстремистик ахборотдан илҳомланган бўлган.

Обаманинг таъкидлашича, тергов бошланғич босқичда турибди ва айни вақтда "Террорчилик" моддаси бўйича олиб борилмоқда.

Президент қотилни бу жиноятга ундаган мотивлар ўрганилаётгани ва ўтган йилги Сан-Бернардинодаги воқеа билан ўхшашлиги борлигини маълум қилди.

12 июнда Орландодаги клубда 29 ёшли Омар Матин содир этган отишмада 50 киши ҳалок бўлди, 53 киши яраланди.

2015 йил 2 декабрда Сан-Бернардинода имконияти чекланган одамларга мўлжалланган марказда отишма содир бўлганди. Ҳужумни Саид Ризуан Фарук ва Ташфен Малик содир этган. Отишма оқибатида 14 киши ҳалок бўлган, 17 киши яраланганди.