Ниццада бўлиб ўтган EuroPRevent 2016 конгрессида Европа тиббиёт ходимлари ҳар куни 15 дақиқа енгил жисмоний машқларни бажариш эрта ўлим ҳолатларини 22 фоизга камайтиришини маълум қилишди. Бу айниқса кекса ёшдагилар учун жуда фойдали эканлиги алоҳида таъкидланди.

"Ёшнинг ўтиши жисмоний машқ билан шуғулланмаслик учун сабаб бўла олмайди. Биз жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиш ҳар қандай дори ва терапиядан кўра соғлиққа кўпроқ фойдали эканлигини яхши биламиз. Бошқа томондан, катта ва кекса ёшли кишиларнинг ярмидан ҳам кам бўлган қисми жисмоний машқларга бир ҳафтада 75-150 дақиқа ажратишади", - маълум қилди Сент-Этьен (Франция) университети ходими Дэвид Хюпин.

Хюпин ва унинг ҳамкасблари мунтазам равишда спорт ва жисмоний тарбия билан шуғулланиш катта ва кекса ёшли кишиларнинг соғлиғига қандай таъсир кўрсатишини таҳлил қилиб чиқишга қарор қилишди. Олимлар 2001 йилдан буён Франциядаги минглаб кекса ёшли аҳолининг соғлиғи ва улар орасидаги ўлим даражасини кузатишди. Бошқа мамлакатлардаги олимлар ҳам бу жараённи назорат остига олишди. 

Тадқиқот натижалари жисмоний тарбия ва спортнинг соғлиқ учун жуда фойдали эканлигини кўрсатди - одамлар қанча кўп машқ қилгани сари, юрак-қон томир касалликлари, саратон ва бошқа касалликлардан шунча кам вафот этишган. Олимларнинг сўзларига кўра, бир кунда 10-20 дақиқа жисмоний машқ билан шуғулланиш эрта ўлим ҳолатлари даражасини 22 фоизга камайтириш учун етарлидир. Машқларни кундалик 150 дақиқага етказиш эса ўлим хавфини 35 фоизга камайтиради. 

Хюпин кекса ёшли кишиларнинг кескин ҳаракат қилмаслиги ҳақида огоҳлантиради - бу уларга ортиқча муаммолар туғидириши мумкин. Улар жисмоний фаоллик даражасини аста-секинлик билан ошириб боришса мақсадга мувофиқ бўлади.