19 май куни Ўрта Ер денгизида фалокатга учраган EgyptAir авиакомпаниясининг А320 самолёти фожиадан бир дақиқа олдин ҳавода тўлиқ айланиш қилган, деб хабар бермоқда фалокатни тергов қилиш комиссиясига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Миср қуролли кучлари томонидан тақдим қилинган радарлардан олинган маълумотларга кўра, "самолёт фалокатга учрашидан аввал чапга бурилган, сўнгра ҳавода тўлиқ айланиб кетган". Комиссиянинг таъкидлашича, бу маълумотлар грек ва британ мутахассислари берган ахборот билан мос тушади.  

Шунингдек, самолёт қора қутиларидан сигнал 24 июнгача тарқалиши маълум қилинди.

Маълум қилинишича, фожиа терговига АҚШнинг транспорт хавфсизлиги миллий кенгаши қўшилган.

Самолёт Париждан Қоҳирага учаётганда Ўрта Ер денгизи устида радарлардан йўқолиб қолган. Самолёт бортида 66 киши, улардан 56 нафари йўловчилар бўлган.