Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, республика умумий экспортида озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳиссаси 10,2 фоизни ташкил этган. 

Жорий йилда мева-сабзавот маҳсулотларига давлат буюртмаси жорий қилингани сабабли, «Ўзагроэкспорт» ташқи савдо компанияси орқали 1,4 млн тоннадан ортиқ мева ва сабзавот экспорт қилиниши режалаштирилган. 

Ўтган йили республика қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига кўра, бу рақам 600 минг тоннага яқин бўлган. 

ТИАИС вазирлиги ахборотига биноан, 2015 йили озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти Ўзбекистон умумий экспортида учинчи ўринни банд этган. Умуман, ўтган йили энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари Ўзбекистон экспортининг чорак қисмидан (25,9 фоиз) кўпини ташкил этган.

Хизмат кўрсатиш соҳаси (асосан, авиа-, авто- ва темир йўл ташувлари) улуши 24,5 фоиздан иборат бўлган. 

Статистик маълумотларга кўра, пахта толаси экспорти 2014 йилги 7,4 фоиздан 2015 йилда 5,7 фоизга қисқарган. 

Қора ва рангли металлар экспорти эса, барқарор экспорт улушига эга - 6,4 фоиз.

Ҳисобот даврида кимё саноати маҳсулотлари экспорти 4,8 фоизни ташкил этган бўлса, машина ва ускуналарни четга сотиш ҳажми 1,2 фоиздан иборат бўлган.