Жаҳонда муҳожирлар билан боғлиқ инқироз давом этмоқда. Яқинда тарқатилган хабарларга кўра, йил охирига қадар Шарқий Ўрта Ер денгизи орқали Европага бир миллионга яқин муҳожир келиши кутилмоқда. Бироқ БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Бошқармаси бу рақамга ишонмаяпти. Бошқарма вакилларининг айтишича, мазкур йўналиш бўйича “қўҳна қитъа”га атиги 248 минг нафар муҳожир келиши мумкин. Айни дамда Ўрта Ер денгизи орқали 210 минг 643 муҳожирнинг Европага келгани айтилмоқда. Бу ҳақда Халқаро миграция агентлиги маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2015 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларига умумий ҳисобда 1 миллион 800 минг киши келган эди.

БМТ 2017 йилда 170 минг нафар қочқинни Европа Иттифоқи мамлакатларига жойлаштиришни режалаштирган. Бу ҳақда душанба куни БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги Бошқармаси “2017 йилда муҳожирларни жойлаштириш эҳтимоллари” деб номланган Ҳисоботни эълон қилди. Унда бошқарманинг қочқинларни жойлаштириш Агентлиги олдида турган вазифаларга ҳам алоҳида тўхталган.

Тахминларга кўра, келаси йили 1 миллион 190 минг муҳожир бошпана олиш масаласида ёрдамга муҳтож бўлади. Бу 2014 йилги прогнозлардан 72 фоиз кўпдир. Маълумки, Еврокомиссия муҳожирлар мансуб бўлган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш борасида янги стратегиясини эълон қилди. Унда мазкур мамлакатларнинг иқтисодиётини кўтариш, чегараларни мустаҳкамлаш ва ноқонуний одам савдосига қарши курашда ёрдам бериш масалалари қайд қилинади. Бу сиёсат орқали денгизда одамлар ҳаёти қутқарилади, муҳожирлар ўз ватанларига қайтарилади, муҳожир ва қочқинларга ўз уйларида яхши ҳаёт кечиришлари учун ҳар томонлама кўмак берилади. Маълумки, айни шу муаммолар туфайли одамлар ўз ватанларини ташлаб кетишга мажбур бўлмоқда. Эълон қилинган стратегияга кўра, Еврокомиссия ҳар бир мамлакат билан алоҳида олинган режа бўйича ишлайди. Янги стратегия ноқонуний муҳожирларни Европага олиб келиш билан шуғулланувчи гуруҳларнинг фаолиятига чек қўйишга ҳам қаратилган. Шу билан бирга муҳожирларни “кўҳна қитъа”га келишини қонунийлаштириш масаласи ҳам кун тартибига қўйилган.

Куни кеча Испания полицияси ноқонуний одам савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган 20 кишини ҳибсга олди. Улар Доминикан Республикасидан муҳожирларни олиб келганликда гумон қилинмоқда. Бундан ташқари, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари гиёҳванд модда етиштириш ва ноқонуний савдоси билан шуғулланганликда айбланмоқда. Уларни ҳибсга олиш амалиётлари бир нечта шаҳарда ўтказилди. 
Шу йилнинг январь ойидан май ойига қадар Франциядан бошпана сўраган муҳожирлар сони 33 минг кишига етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоиз кўп демакдир.

Маълумотларга қараганда, Германия ҳудудларига келувчи муҳожирларнинг 80 фоизида бирор бир ҳужжат йўқлиги маълум бўлди. Бу ҳақда федерал полиция маълум қилди. Эълон қилинган ҳисоботга кўра, шу йилнинг январдан апрель ойига қадар Германияга келган муҳожирларнинг 80 фоизида паспорт бўлмаган. Шу давр мабойнида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан 11 минг 400 нафар ноқонуний муҳожир қўлга олинган. Шундан 91 мингида шахсларини тасдлиқловчи ҳужжат бўлмаган. Январдан март ойигача 1 минг 300га яқин ноқонуний муҳожирдан қалбаки паспорт олиб қўйилган. 2015 йилда 4 минг 900та сохта ҳужжат мусодора қилинган эди.

Муҳожирлар билан боғлиқ инқироз осонлик билан ҳал қилинмайди. Бу узоқ этадиган жараёндир. Ҳатто вазият бирданига кескинлашиб кетиши ҳам мумкин, деди Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг бош котиби Ламберто Заньер. У ноқонуний муҳожирларни олиб келишга қарши кураш масаласига бағишланган лойиҳа тақдимотини ўтказар экан, бу каби жиноятларни фош қилишга қаратилган тадбирлар ноябрь ойидан бошланишини таъкидлаб ўтди.

Сўнгги олти йил давомида Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар 5 миллионга яқин муҳожирга фуқоролик берган. Фуқоролик олиш борасида биринчи ўринда Марокаш фуқоролари турибди. Бу хақда Европа статистика агентлиги маълум қилди.

ЕХҲТнинг одам савдосига қарши кураш бўйича махсус вакили Мадина Ярбуссинованинг айтишича, Европадаги вазият муҳожирлар учун қўшимча хавф пайдо қилади. Муҳожирлар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг қурбонига айланиши мумкин.

Еврокомиссия Европадаги муҳожирлар билан боғлиқ инқирозни бартараф этиш йўлида Африка Жамғармасига бир миллиард евро ажратишга қарор қилди. Шундан 500 миллион евро Европа Тараққиёт жамғармасидан ажратилади. Яна 500 миллион евро Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардан сўралади. Бундан ташқари, куз фаслига бориб Еврокомиссия яна битта жамғарма тузишни ният қилган. Янги жамғармага 31 миллиард евро инвестиция ётқизилиши режалаштирилган. 
Сўнгги 20 йил давомида хавфсиз жойга етиб олишга уринган 60 минг муҳожир ва қочқин ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган. 

2015 йилда 5,4 минг муҳожирнинг ҳалок бўлгани айтилмоқда. Бу йил эса Европага йўл олган ҳар 23 муҳожирнинг бири халок бўлаётгани маълум қилинди. Фожиаларнинг 80 фоизи Ўрта ер денгизида қайд қилинади. 

Шарофиддин Тўлаганов