Республика Адлия вазирлигида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди. Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар бўйича ўтказилаётган тадбирларнинг  ягона режасига мувофиқ ташкил этилган конференция “Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ривожланиш истиқболлари” мавзуига бағишланди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва юртимизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат , шу жумладан халқаро ва хорижий  ташкилотлардан  40 дан зиёд  вакиллар иштирок этдилар.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон  хуқуқий давлат,очиқ фуқаролик жамияти барпо этмоқда. Бунда фуқароларнинг уюшмаларга бирлашиш, давлат ва жамият  бошқарувида  иштирок этиш каби конституциявий ҳуқуқлари таъминланган. Ушбу хуқуқни амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг турли шакллари-жамоат фондлари,жамоат ташкилотлари,сиёсий партиялар,касаба уюшмалари ,хайрия ташкилотлари кабиларни тузиш имкониятини берадиган қонунчилик базаси барпо этилган.

Ўтган давр мобайнида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

НТТ ларнинг тараққий этишида 2007 йилда қабул қилинган “Нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолияти эркинлигининг кафолатлари“ тўғрисидаги қонун мухим ахамият касб этди.

Шу билан бирга бу соҳанинг  институционал базаси ҳам шакллантирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Республика байналмилал маданият маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ташкил топди.

Шу ўринда анжуман иштирокчиларининг эътибори Давлатимиз раҳбари томонидан 2010 йил12 ноябрда Олий мажлис палаталаринингқўшма йиғилишида  илгари сурилган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойил асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган  изчил тадбирларга қаратилди.

Фуқаролик жамиятини шакллантиришда давлат сиёсати айнан шу масалани рўёбга чиқариш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беришга йўналтирилди.

Концепция доирасида бир қатор мухим қонунлар-“Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, Экологик назорат тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Давлат бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги  қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Улар НТТлар фаолиятини кучайтириш баробарида  учинчи секторнинг давлат органлари билан ижтимоий шериклик асосида хамкорлик қилиш, табиатни муҳофаза қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш,давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш масалаларидаги хуқуқ ва имкониятларини кенгайтирди. Адлия вазирлиги ушбу қонунларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этди.

Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг қулай фаолият кўрсатиши учун бир қанча имтиёзлар берилди. Жумладан, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун, мол-мулкига солинадиган солиғи, ер солиғи ва бошқа солиқлардан, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузадиган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилганда давлат божи тўланишидан озод этилди.

“Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да  белгиланган ислоҳотлар натижасида ННТ тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш имконияти яратилди. Шунингдек ННТлар учун қонунчиликдаги айрим ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш мақсадида 2013 йил 12 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарори қабул қилинди.

Тадбирда мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди.

Хусусан,рўйхатдан ўтказиш соҳасида ҳужжатларни расмийлаштириш такомиллаштирилди ҳамда тўлов миқдорлари камайтирилди.

Бу эса фуқаролик жамияти ва институтлари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб боришига катта рағбат  бермоқда. Агар 2000 йилда  ННТлар сони 2585 та,2010 йилда эса 5100дан зиёдни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда бундай тузилмаларнинг  сони  8500 дан ошди ва улар турли йўналишларда  фаолият юритиб келмоқда.

Бундан ташқари, 2015 йил 4 июндаги адлия вазирининг буйруқларига асосан Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом ҳамда Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шаклларининг тасдиқланганлигини юқоридаги фикримиз исботи сифатида келтирсак бўлади.

Ушбу буйруқлар биринчи навбатда ННТлар фаолият юритишини янада соддалаштириш ва такомиллаштиришни ўз ичига қамраб олган бўлиб, улар ННТларнинг ҳуқуқий мақоми, роли ва аҳамиятини кучайтиришга қаратилган.

Бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини такомиллаштириш соҳасида ҳуқуқий ислоҳотлар давом этмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси жорий йилнинг 25 апрелида парламент томонидан қабул қилинди. Шуни таъкидлаш керакки, ННТлар Адлия вазирлиги учун фақат назорат объекти эмас, балки  энг фаол ҳамкорлар ҳисобланади. Вазирлик ўзининг барча асосий фаолият йўналишлари бўйича ННТлар билан ҳамкорлик қилмоқда: жумладан ҳуқуқий тарғибот, инсон ҳуқуқларини, тадбиркорлар, хорижий инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш, уларни экспертиза қилиш йўналишларида. Бу йўналишларнинг айримлари бўйича вазирлик йирик ННТлар билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолаган. Анжуман қатнашчиларига  ушбу хамкорликнинг кўлами,йўналишлари мақсад ва вазифалари  тўғрисида маълумот берилди.

Адлия вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотларга юклатилган вазифалардан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, ННТлар соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар бундан буён ҳам давом этади.

Асосий мақсадимиз – дея таъкидлашди тадбир ташкилотчилари,-ННТлар салоҳиятини тўлиқ амалга ошириш учун самарали ҳуқуқий тизим яратиш, давлат органларининг ННТлар билан ўзаро ижтимоий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришдир.

Учрашувда  мутахассислар журналистларни қизиқтирган, мухокама этилган мавзуга оид барча масалалар бўйича ахборот бердилар.  

Адлия вазирлиги

Ахборот хизмати