Албания терма жамоаси бош мураббийи Жанни де Бьязи Евро-2016’да Францияга қарши учрашув олдидан ўз фикрларини айтиб ўтди.

"Биз Францияни яхши биламиз. Улар ўз уйларида ўйнамоқдалар ва мухлислар уларни олдинга интилтирадилар. Биз рақибимизга ўз футболини ўйнашга имкон бермасликка ва имкон бўлганда қарши ҳужумлар уюштиришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Кингсли Коман ақлбовар қилмас суръатлар билан тараққийлашмоқда. Нголо Канте ҳам кашфиёт бўлди – у премьер-лигада ажойиб ўйин кўрсатди. Умуман олганда, Франция дунёдаги энг яхши жамоалардан биридир.

Биз Швейцарияга қарши яхши ўйнадик, бироқ гол уриш имконини бой бердик. Деярли бир соат биздан рейтинги баланд жуда кучли жамоа билан тенгма-тенг ўйнадик. Биз ўйинда мувозанат топиш устида ишладик ва машғулотларда машқ қиладиганларимизни ҳаётга татбиқ қилишга ҳаракат қилиб кўрамиз", деб айтди Де Бьязи.

Эслатиб ўтамиз, учрашув бугун, 15 июнда Марселдаги "Велодром" стадионида бўлиб ўтади. Учрашув тунги соат 00:00да бошланади.