Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) Тошкентдаги саммити унинг ривожланиш йўлидаги янги йўналишини аниқлаб беради ҳамда кун тартибидаги асосий минтақавий ва халқаро масалаларни муҳокама қилиш имконини яратади. Бу ҳақида ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ТАСС мухбири билан кечган суҳбатда маълум қилди

"Биз ҳозир бор эътиборимизни йилнинг энг муҳим воқеаси - Тошкентда саммитни ўтказишга қаратяпмиз, - деди у. - Бу 15 йиллик юбилей саммити, шу боис биз унга икки баробар кўп куч сарфлаяпмиз. Ҳар қандай юбилей сингари бу ҳам шу вақт ичида қандай ишлар амалга оширилгани ва нималар қилиниши кераклигини таҳлил қилиш имконини беради". 

"Ташкилотга аъзо мамлакатлар раҳбарлари кун тартибига қўйилган муҳим халқаро ва минтақавий масалаларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистоннинг пойтахтида йиғилишади, - дея давом эттирди Алимов. - Тошкентда ўтказиладиган саммит Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тараққиётининг янги йўналишини белгилаб беради".

ШҲТ ўзининг 15 йиллигини нишонлайди. ШҲТ 18та мамлакатни бирлаштиради, бу дунё аҳолисининг 44 фоизи демакдир. Бугунги кунда ШҲТнинг тенг ҳуқуқли аъзолари - Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Хитой. Афғонистон, Белорусия, Ҳиндистон, Эрон, Мўғулистон ва Покистон мамлакатлари кузатувчи мақомига эга. Мулоқот бўйича шерик мақоми эса Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия, Шри-Ланкага тақдим этилган. ШҲТнинг 15 йиллик саммити 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтади.