Буюк Британия молия вазири Жорж Осборннинг айтишича, мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқиши 42,4 млрд долларга айланади, ҳукумат эса солиқларни ошириш ва ижтимоий дастурларнинг молиялаштирилишини қисқартиришга мажбур бўлади. Бу ҳақда The Wall Street Journal нашри маълум қилди.

Нашр маълумотларига кўра, Осборн 15 июнда Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиши вазиятида бу мамлакат иқтисодиётига қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида нутқ сўзламоқчи. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, мамлакат бюджети яқин 4 йил ичида 30 млрд фунт стерлингдан маҳрум бўлади, чунки ЕИдан чиқиш иқтисодиёт ўсишининг паст суръатларига  олиб келади. Таъкидланишича, Осборн бюджет танқислиги юзага келишини прогноз қилмоқда, уни эса солиқларни ошириш ҳисобигагина қоплаш мумкин бўлади. 

The Guardian нашрининг хабар беришича, даромад солиғининг таянч ставкаси 2 фоизга, яъни 22 фоизгача, мерос учун солиқ эса 5 фоизга, яъни 45 фоизгача, бензин ва спиртли ичимликларга акциз солиғи 5 фоизга оширилиши мумкин. Давлатнинг соғлиқни сақлаш, мудофаа, таълим, полиция ва транспортга харажатлари қисқартирилади.

Буюк Британиянинг ЕИдаги мақоми бўйича референдум 23 июнда бўлиб ўтади.

Аввалроқ Швеция ташқи ишлар вазири Маргот Валльстрем Буюк Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ЕИнинг парчаланиб кетишига олиб келиши мумкинлигини айтганди.