Радиодан таралаётган бир қўшиқ Фотиманинг эътиборини тортди.

Бахт йўлларинг ўзинг боғладинг,

Чимилдиқ кўрмаган қизлар.

Эҳ, пешонангда бормиди

Чимилдиқ кўрмаган қизлар.

Юз қаролиғинг бормиди,

Чимилдиқ кўрмаган қизлар...

Ҳа, чимилдиқ кўрмаган қизлар кўпайгандан кўпайиб кетди. Фотиманинг ҳам орзулари бир жаҳон эди. Ўзи ёқтирган йигити билан қўл ушлашиб, гўшангага йўл олмоқчи, кейин у билан бахтли ҳаёт кечирмоқчи эди. Бироқ барча орзуларини  ўз қўллари билан тупроққа кўмди...

Фароғат ишламасдан мўмай пул топишни хуш кўрадиган  аёллардан эди. У ўзига ўхшаган “тадбиркор” аёллар билан биргаликда антиқа режа тузишиб, шунинг ортидан даромад олишни, шоҳона яшашни ўйлашарди. У Тошкентдан кўра, кўпроқ Дубайда яшарди. Ўзбекистонда унинг ўртоғи Тоҳира  айтилган вақтда қизлар жўнатиб турарди.

Кунларнинг бирида одатдагидек Фароғат Тоҳирага қўнғироқ қилиб, яна қиз кераклигини, иложи бўлса тезроқ жўнатиб юборишини айтди. Тоҳиранинг боши қотди. Чунки ҳозирча унинг “запас”ида қизлар йўқ эди. Шу пайт унинг ёдига қўшни маҳалладаги, эндигина коллежни тугатган, уйининг ишларини қилиб, тўрт-беш сўм чойчақага ишлаб юрувчи Фотима келди. Дарҳол уларнинг уйига йўл олди.

Дарвозани Фотиманинг ўзи очди ва салом-аликдан сўнг у бу аёлни уйига таклиф қилди.

— Ойинг қани? Кўринмайди? — деди у ёқ бу ёққа аланглаган Тоҳира.

— Ойим бозорга кетганди. Ҳозир келиб қолса керак. Бирор юмушингиз борми? — деди қизгина уни ишга чақиргани келди деб ўйлаб.

— Қани ёнимга ўтир! Гап бор, — деди Тоҳира Фотимани ёнига ўтқизиб.

— Ҳозир Россияга бориб келаётганлар қанчадан-қанча доллар билан қайтишаяпти. Сен ҳам ёлғиз онангнинг қўлига қараб ўтирмасдан у ерга борсанг-чи! Бир йилга қолмай миллионер бўлиб қайтасан. Сен менга ёқиб қолганинг учун бу таклифимни айтаяпман. Аслида “Россияга ишга жўнатинг! Ўзим сизни рози қиламан!” деб ортимдан юрганлар қанча. Сенларга раҳмим келади. Ҳадемай онанг сени узатиши керак. Бунинг учун биласанми қанча пул керак?

— Ойим Россияга юборишга рози бўлмасаларчи? Ахир шу ердан яхшироқ иш топиб беринг. Мен ишдан қочмайман, ишлайман, — деди соддагина қиз унинг гапларига лаққа тушиб.

— Ойинг рози бўлади. Рози бўлмай қаёққа ҳам борарди. У сенинг қўлларингда жарақ-жарақ пулларни кўрганидан сўнг лом-мим ҳам демайди. Қачонгача қўл учида кун кўрасанлар! Сенларга раҳмим келганидан, ўзимга яқин олганимдан айтаяпман, — дея Тоҳира Фотимага бошдан-оёқ разм солди. — Айтганча, у ёқдан ишлаб келган пулингга ўзингга алоҳида бир хонали “дом” олсанг ҳам бўлади. Хоҳласанг машина оларсан. Ахир ҳадемай келин бўласан. Онанг сени узатиши керак. Икки-учта тилла тақинчоқлар олиб қўйсанг зарар қилмайди. Дўсту душманнинг олдида тилинг бир қарич бўлади. Манавиларга қара, — дея аёл қўлларидаги қўша-қўша тилла узукларни, бўйнидаги қалин тилла занжирни, қулоғидаги тилла зирагини унга кўз-кўз қилди.

Буларни кўриб Фотиманинг ичидан қиринди ўтди. Чунки унда шулардан лоақал биттаси ҳам йўқ эди.

— Буларнинг барчасини Россияга бориб, ишлаб топганман. Наҳотки сенда орзу-ҳавас йўқ бўлса. Уйимни кўргансан. Мени уйимдай шоҳона қасрда яшашни ҳавас қилмайсанми?

Фотима ўйланиб қолди. Кўз олдига ўзини машинанинг рулида ўтиргани, дугоналарига керилиб қарагани келиб, жилмайди.

Шундай қилиб Тоҳира қизгинани алдаб-авраб унинг паспортини қўлга киритди.

— Ойингга бу ҳақда айтиб юрма. Мавриди келганида ўзим секин ётиғи билан тушунтираман. Сюрприз қиламиз. Албатта, бу ишингдан хурсанд бўлади, — дея унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди.

Эртаси куни Тоҳира қизни уйига чақиртириб олиб, улар биргаликда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига боришди. Ўша ердан Фотимани Дубайга — шериклари Фароғат ва Жамиланинг олдига жўнатиб юборди.

Фотимани Дубайда кутиб олганлар унга аввалига жудаям яхши муомилада бўлишди. Қизгинанинг тим қора узун сочларини алдаб-авраб кестиришди, бўянтиришди. Хуллас, ўзларининг рамкасига солишди. Бироқ уни “сени эртага ишга жойлаштирамиз” деб алдаб олиб ўтиришди.

Кунларнинг бирида улар яшайдиган хонадонга эллик ёшлардаги бир араб киши келди. Фароғат билан Жамила уни хурсандчилик билан кутиб олишди. Фотимага “Бу бизнинг азиз меҳмонимиз”, дея таништиришди. Улар биргаликда тушлик қилишди. Сўнгра Фароғат Фотимани хонасига олиб кирди. Бироздан сўнг у ерга бояги меҳмон ҳам кирди. Шундан сўнг Фароғат у ердан чиқиб, хонани қулфлаб қўйди.

Хонада Фотиманинг додини ҳеч ким эшитмади. У қанчалик қаршилик кўрсатмасин, девдек келадиган арабга кучи етмади. Оқибатда номуси поймол бўлди.

Фароғат қизгинани бу арабга 8.000 АҚШ долларига сотган эди.

Қизнинг бу кўрган қийинчилиги ҳали ҳолва эди. Эртаси куни қўшмачилар уни яна бир арабга 5.000 АҚШ долларига пуллашди.

— Илтимос, опажон, бундай қилманг! Ундан кўра мени ўлдириб қўя қолинг, — дея Фотима Фароғатнинг оёқларидан маҳкам қучганича йиғлай бошлади.

— Ўчир овозингни! Ким сенга бу ерга келсин деди. Ўз хоҳишинг билан келгансан. Шунинг учун шундай қилишга мажбурсан!

— Опажон, бир умр хизматкорингиз бўлай! Мен бунақанги иш деб келмаганман. Майли, ҳар қандай оғир юмушингизни бажарай, фақат ифлос ишларга буюрманг!

— Сен учун биз озмунча пул сарфладикми? Бўйнингдаги қарзларингдан қутулсанг, шундагина юртингга, онажонингнинг олдига кетасан! Гап тамом! — дея аёл қизни судраб хонага олиб кирди. У ерда уни совуқ башарали араб тиржайганича кутиб турарди.

Фароғат эшик томонга йўналди. Фотима дод солиб яна унинг оёқларига ёпишди.

— Қочишни хаёлингга ҳам келтирма! Бу ер сенга Ўзбекистон эмас! Дод-войингни ҳам тўрт девордан бошқаси эшитмайди. Ундан кўра қаршилик кўрсатмасдан, жимгина айтганимизни бажар! — дея Фароғат уни турғизиб итариб юборди-да хонани қулфлади.

Қиз ўз-ўзидан нафратланиб кетди. Бундай жирканч ҳаётга лаънатлар ўқиди. Бироқ қўлидан ҳеч нима келмаслигини англаб етди. Чунки у бу ердаги аёлларнинг қўлида тутқин эди. Унга ўхшаб алданиб қолган қизлар эса бу ерга тез-тез келтирилар, уларни Фароғат ва Жамила қаергадир олиб бориб жойлаштирар ва мўмай пулга сотишарди.

Фароғат билан Жамила қизнинг ожизлигидан фойдаланиб, ҳар куни бир неча эркакка қўшиб қўярди. Айтганини қилмаса, мажбурлашар, ҳаттоки калтаклашарди ҳам.

Кунларнинг бирида Фотимани бир бадавлат одамга сотиш учун кўчага олиб чиқишди. Шунда у Фароғатнинг қўлидан силтаниб қочишга улгурди. Бироқ уни Бирлашган Араб Амирлиги давлатининг полициячилари қўлга олишиб, уч ой қамаб қўйишди. Сўнгра ўз мамлакатига қайтариб юборишди.

Фотима кўзида ёш билан ниҳоят ўз гўшасига қайтди. Ойисининг оёқларига тиз чўкиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Онаизор ёлғизгина қизини шу куйга солганларга лаънатлар ўқиб, кўз ёш тўкди. Шу пайтгача уни алдаб келган Тоҳирани устидан тегишли органларга ёзиб берди.

Суд Тоҳира Аминова, Фароғат Авазова ва Жамила Зуфаровани узоқ муддатга озодликдан маҳрум этди.

Хонбиби Ҳиммат қизи махсус Kun.uz учун.