Дунёнинг бугунги кундаги эътироф этилган забардаст уламолари томонидан ислом динининг мусаффолигини сақлаш, Яқин Шарқ минтақасида фаолият олиб бораётган террорчи ташкилотларнинг исломга мутлақо алоқаси йўқлигини тушунтиришга бағишланган фатволари, маърузалари жамланди ва «Дунё уламолари мурожаати» номли китоби нашр этилди.

Ислом оламининг энг йирик намояндалари бўлмиш мазкур уламолар диний экстремизм, терроризм ва радикализмни буткул қоралайдилар, мусулмонларни оқибати оғир бўлган бундай ҳаракатлардан, гарчи улар ислом номи билан аталаётган бўлсада, огоҳ бўлишга чақирадилар.

Шунингдек, китобда мусулмон киши тўғри йўлдан адашмаслиги, бузғунчи кучларнинг пуч ғояларига алданмаслиги учун зарур бўлган тавсиялар келтирилган. Баъзи ёшларнинг Интернет тармоғида ташкил этилган радикал ғоявий тарғибот таъсирига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, уламолар томонидан берилган замонавий медиа воситалардан фойдаланиш одоблари баён этилган.

Китобдан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансуров, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Ал-Азҳар шайхи Аҳмад Таййиб, Миср диёри муфтийси Шавқий Аллом, Жаҳон мусулмон уламолари кенгаши Бош котиби Али Муҳйиддин Қорадоғий, йирик ислом уламолари Рамазон Бутий, Абдуллоҳ ибн Байя, Али Жумъа, Муҳаммад Ал-Азҳарий, Аҳмад Муҳаммад Халил каби шахсларнинг маъруза ва фатволари ўрин олган.