Француз полицияси Лиллда Евро-2016 гуруҳ босқичи доирасида Россия ва Словакия терма жамоалари ўртасидаги ўйинни ёритиш учун келган 7 нафар россиялик журналистни ушлади. Бу ҳақда 15 июнда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, 15 нафар полициячи ҳеч қандай тушунтиришларсиз шаҳар марказида сайр қилиб юрган журналистларни қуршовга олиб, улардан маълумотларни текшириш мақсадида аккредитацияни кўрсатишни талаб қила бошлашган. Текширув 15-20 дақиқа давом этгач, журналистлар қўйиб юборилган.

"Известия" нашрининг ўша вазиятга тушган мухбирининг айтишича, журналистлар Лилл марказида инглиз ва уэльслик мухлисларнинг россиялик мухлисларга ҳужумини суратга олишаётган бўлган.

14 июнь кечки пайт полиция Лиллда Россия, Уэльс ва Англия мухлислари ўртасидаги тўқнашувларнинг олдини олди. Полициячилар бир неча кишини ушлашган. 15 июнда Лиллда Россия ва Словакия терма жамоалари ўртасида 2-тур учрашуви бўлиб ўтади. Шаҳарга катта миқдорда инглиз ва уэльслик мухлислар келиши кутилмоқда, чунки Англия ва Уэльс ўртасидаги учрашув қўшни Лансда бўлиб ўтади.

14 июнда Россия бош мураббийи Леонид Слуцкий масъулиятли мухлислар терма жамоанинг мусобақадан четлатилишига йўл қўймасликларига ишонч билдириб ўтганди.