Лазиз (исм-шарифлар ўзгартирлиган) бошини кафтлари орасига олганча, ич-этини еб ўтирибди. Жиноий жавобгарликка тортилишини ўйларкан, қилмишидан пушаймон бўлар, бироқ жуда кеч бўлганини англаб, чуқур хўрсинарди. Қалбига оғриқ бераётган бўлса-да, бўлиб ўтаётган воқеаларин кўз ўнигадан кетказа олмасди... 

Бу ҳақда “Постда” нашри хабар бермоқда.

Лазиз шахсий ишлари билан эрталаб уйдан чиқди. Турли ишларга андармон бўлиб, вақт ўтганини ҳам билмай қолди. Ошхона ёнидан ўтаётганида қорни очгани сезилди. У ерга кириб, кабоб буюртма қилгач, бироз спиртли ичимлик ичгиси келди. Анча вақтдан кейин ошхонадан сархуш бўлиб чиққан Лазиз кечга яқин поччасига тегишли бўлган ғишт заводига қараб йўл олди. У ердаги ишчилар, қоровулларнинг кўпчилиги таниш, бирга улфатчилик қилса бўлади.

Қоровуллар билан улфатчилик ярим тунгача давом этди. Лазиз чўнтагидан бир қути сигарет олиб, стол устига қўйди. Унга қарама-қарши томонда ўтирган Икром эса қутидан икки дона сигарет олди. 

- Нега сўрамасдан оляпсан?! - деди Лазиз жаҳл билан. 

- Ўзинг стол устига қўйдинг-ку, шуни ҳам сўрашим керакми?

- Менинг нарсамни сўрамай олишинг керак эмас. 

Унинг бақириб гапириши Икромнинг нафсониятига тега бошлади. У шарта ўрнидан турди-да, қутидаги сигаретларни мажақлаб отиб юборди. Натижада икки ўртада муштлашув бошланди. Уларни ажратиб қўйишга уринган йигитларнинг бири Икромни, бошқаси Лазизни ушлаб икки томонга тортар эди. Ўзини ушлаб турган йигитнинг қўлидан силтаниб чиққан Лазиз стол устида турган пичоқни олиб, Икромга ташланди. Чап биқинида турган оғриқдан Икром ерга ўтириб қолди. Бошқалар Лазизни тинчлантиришди. Аввалига Икромнинг ҳолатига ҳеч ким эътибор бермади. Ҳатто унинг ўзи ҳам даврага келиб қўшилди. Сўнг мулойимлик билан деди: “Бизга ярашмайди Лазиз. Кап-катта одамлар арзимаган нарсани деб ёқалашиб юрсак, уят-ку ахир.

Икром индамай ерга қараб ўтирган Лазизга бир муддат тикилиб турди-да, ўрнидан туриб ташқарига чиқиб кетди. Яна даврага жимлик чўкди.
 - Мен чойни янгилаб келаман, - деди паст овозда Козимжон ва чойнакни кўтариб у ҳам ташқарига чиқди.

Бирозан сўнг ташқаридан ваҳима билан бақиргани эшитилди.

- Тез буёққа келинглар! Икром йиқилиб қолибди.

Ҳамма ташқарига отилди. Ҳовлига чиқиш жойида ётган Икромнинг биқинидан қон оқарди.
Икромни зудлик билан шифохонага олиб боришди. Бироқ кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай эртаси куни у ҳаётдан кўз юмди...