Элбек Сафаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 1985 йили Тошкент вилоятида туғилган, маълумоти олий, вояга етмаган икки фарзанди бор, муқаддам судланган. Ҳозирда оиласи билан ажрашган. Элбек Сафаров жиноий шериги Жўрақул Намозов билан қамоқда танишади. Озодликка чиққач, иккаласи Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида кичик автомобиль тузатиш устахонасида кўришиб, жиноий режа тузишади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Режага кўра, Элбек ўзини автосалон ходими сифатида таништириб, одамларни алдаб салондан ҳеч қандай навбатсиз машина олиб бераман, деб пулни олади. Жумладан, фуқаро Жобир Жияновдан “Нексия” олиб чиқиб бераман, деб “шапка” учун 1500 АҚШ доллари олади. “Нексия” учун эса 11 минг АҚШ доллари олади. Лекин бу пулларнинг ҳаммасини икки ҳамтовоқ ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Иштаҳалари карнай бўлган шериклар ишни давом эттириб, яна бир фуқаро – Сайфулла Ҳамдамовдан “Спарк” автомобилини ҳеч қандай навбатсиз олиб чиқишга ёрдам бериш ваъдаси билан ўттиз саккиз миллон сўм миқдорида пул олади. Ишлари янада ишонарли бўлиши учун Жўрақул Намозов фуқаро С.Ҳамдамовга сохта ҳужжатлар тақдим этади ва “шапка” учун бир ярим минг АҚШ доллари олади. Бу пулларни ҳам икковлон ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юборишади. Бундан ташқари, Расул Ражабовдан ҳам автосалондан “Ласетти” автомобилини навбатсиз олишга ёрдам бериш ваъдаси билан ўттиз бир миллион сўм ва “шапка” учун бир ярим минг АҚШ доллари олади.

Зарар кўрган фуқароларнинг аризаларига биноан бу икки жиноий шерик ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди ва уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилди.