Қоҳирада Миср собиқ бош прокурори Хишам Баракат жонига қасд қилганликда айбланаётган 67 нафар гумондорлар устидан суд жараёни бошланди. Бу ҳақда “Аль-Яум ас-Сабиа” янгиликлар портали маълумотига таяниб ТАСС хабар қилди

Маълум бўлишича, мазкур иш бўйича жиноят судининг биринчи йиғинида судланувчиларнинг қотилликка алоқадорлиги тўғрисида далиллар келтирилган, шундан сўнг суд ҳайъати тинглов жараёнини 13 июлга кўчирди. 

Эслатиб ўтамиз, Баракат 2015 йил июнь ойида номаълум шахслар унинг автомобили остига қўйган портловчи қурилма ҳаракатга келгандан кейин олган жароҳати туфайли ҳалок бўлган эди. 

Баракат “Мусулмон биродарлар” ҳаракатига қарши бир қатор ишларни тергов қилишда иштирок этган эди. Бу терговлардан бири доирасида мамлакатнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий ва ҳаракат етакчиси Муҳаммад Бадий ўлим жазосига маҳкум қилинган эдилар.

Март ойининг бошида Миср Араб Республикаси ички ишлар вазири Абдул Ғаффор ушбу суиқасдда Мисрда тақиқланган ҳамда террор ташкилот деб эълон қилинган “Мусулмон биродарлар” ҳамда Фаластиннинг “Хамас” ҳаракатининг қўли борлиги ҳақида маълум қилганди. Вазирнинг айтишича, улар “Туркиядаги террорчи раҳбарлар бошқаруви остида” қотилликни режалаштиришган. Жиноятни амалга оширганлар эса хамасчилар билан ҳамкорликда Ғазо секторида тайёргарлик ўтаган ҳамда Синай орқали Мисрга йўналтирилган. Бироқ кейинчалик иккала ҳаракат ҳам ушбу айбловни инкор этганди.  

Миср собиқ бош прокурорининг ўлдирилишида жами 51 киши айбланмоқда, яна 16 киши қидирувда. Барча айбланувчилар бир вақтнинг ўзида бир неча айб билан судланмоқда: Миср ҳудудида террористик гуруҳга аъзолик ҳамда мамлакат ташқарисида халқаро террористик ташкилотларга қўшилиш, “Хамас” билан ҳамкорлик, қасддан қотиллик содир этиш ҳамда суиқасд қилиш, қурол ва портловчи воситалар сақлаш, шунингдек, чегара ҳудудини ноқонуний кесиб ўтиш. 

Бош прокуратура аввалроқ, ўтказилган тергов натижаларига таянган ҳолда, гумондорлар ўз айбларига иқрор бўлганлари ҳақида маълум қилганди. Қораловчилар айбланувчиларга энг олий жазони талаб қилмоқда.