Польшада хорижий давлатлар қуролли кучлари, хусусан, НАТО тезкор ҳарбий бўлинмалари жойлашувига ойдинлик киритувчи қонун кучга кирди, деб хабар қилмоқда Польша матбуот агентлиги. 

Ҳужжат Польша ҳудудида чет эл армияларининг ўқув машғулотларидан бошқа ҳарбий амалиётларни ўтказишга доир ҳуқуқий меъёрларни жорий этади. 

"Амалиётда эса бу зарур бўлган тақдирда Польша ҳудуди ёхуд ҳаво кенгликларидаги тезкор хорижий кучларга барҳам бериш, уларнинг ҳаракатини тўсиб қўйиш ёки хизматидан фойдаланишни тартибга солади", - деб маълум қилган қонун лойиҳасини ишлаб чиққан ҳукумат матбуот хизмати. 

Қабул қилинган лойиҳага кўра, Польшада хорижий ҳарбийларни жойлаштиришга фақат президент рухсат беради. Аммо бунинг учун мудофаа вазири, Бош вазир билан келишган ҳолда махсус сўров киритиши лозим бўлади. Шунингдек, иттифоқдош кучларга ҳам польяк армияси каби ҳуқуқлар ва имкониятлар тақдим этилади. 

Аввал хабар берганимиздек, НАТО қўшинларини жойлаштириш тўғрисидаги янги меъёрлар, Польша парламенти иккала палатаси Сейм ва Сенатда ҳам тасдиқланган, 20 май куни президент томонидан тасдиқланган эди.