Руминия терма жамоаси ҳужумчиси Денис Алибек Евро-2016 гуруҳ босқичининг 1-турида Францияга қарши учрашув вақтида сигарет чекаётган алфозда ушланди. Бу ҳақда Gazeta Sporturilor хабар бермоқда. 

Учрашувнинг 2-бўлимида Руминия бош мураббийи Ангел Йордэнеску ёрдамчиларига захирада бўлган Алибекни майдонга туширишга тайёрлаш бўйича кўрсатма берган. Ёрдамчилар футболчини захира ўриндиғидан топиша олишмаган. Шундан кейин улар футболчини қидириб ечиниш хонасига боришганда, не кўз билан кўришсинки, футболчи у ерда бамайлихотир сигарет тутатаётган бўлган. Шунга қарамасдан, Алибек Флорин Андоне ўрнига 61-дақиқада майдонга туширилган.

Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг очилиш учрашуви Франциянинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Денис Алибек Руминиянинг "Астра" клубида тўп суради. Ўтган мавсумда 25 ёшли футболчи клуб учун 29 та учрашувда майдонга тушиб, 17 та гол урган. Шунингдек, Алибек Руминия терма жамоаси сафида 6 та ўйинда майдонга тушиб, бир тўп муаллифига айланган.