Тошкент шаҳрида янги ерусти пиёдалар ўтиш йўли Шота Руставели ва Муқимий кўчалари кесишмасида пайдо бўлади.

Мазкур объектнинг паспортида кўрсатилишича, қурилиши ишлари 10 августда тамомланиши белгилаб қўйилган. «Гап» кафесининг олдидаги автобус бекатидан Эстрада цирк коллежи томонига ўтадиган ерусти пиёдалар ўтиш йўлининг узунлиги 66 метр, баландлиги 6,5 метрни ташкил қилади, кенглиги – 4,3 м. Лойиҳа 2 эскалатор қурилишини ҳам назарда тутган.

Шунингдек, лойиҳада узунлиги 922 метр, кенглиги 22,3 метр, баландлиги 7,5 метрни ташкил қилган 4 полосали автомобиль йўлини ўз ичига олган йўл ўтказувчи кўприк қурилиши кўзда тутилган. Бу кўприк Муқимий ва Бобур кўчаларини ўзаро боғлайди. Бу йўлўтказувчи кўприк қурилиши Тошкент шаҳар ҳокимлиги буюртмасига асосан 1 май кунидан буён «ТошкентБошпланЛИТИ», «Боштранслойиҳа» лойиҳалаш институтлари, «Кўприкқурилиш», «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ иштирокида олиб борилмоқда.

Тошкентда илк ерусти пиёдалар ўтиш йўли ўтган йилнинг ёзида Гулзор (собиқ «Ганга») майдонида пайдо бўлганди.

Шунингдек, келажакда Қўйлиқ ва Абу Сахий бозорлари ҳудудида ҳам шундай иншоотлар қурилиши режалаштирилган.

Лойиҳачиларнинг фикрича, бугунги кунда ерости пиёдалар ўтиш йўлларидан кўра, ерусти пиёдалар ўтиш йўллари қуриш арзонроқ тушади ва вақт тежашга имкон беради.