Тадқиқотчилар инсоннинг кўк чироқ таъсири остида диққатни яхшироқ жамлай олиши ва тезроқ қарор қабул қилишини аниқлашди. Мазкур илмий изланиш Sleep2016 анжуманида тақдим этилди.

Аризона университети олимлари 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган 35 нафар кўнгиллини танлаб олишди. Иштирокчилар икки гуруҳга ажратилди. 30 дақиқа мобайнида биринчи гуруҳдаги кишиларга кўк чироқ билан, иккинчи гуруҳдагиларга эса сариқ чироқ орқали таъсир ўтказишди. Шундан сўнг иштирокчилар турли вазифаларни бажаришди, олимлар эса уларнинг мия фаоллигини фМРТ ёрдамида қайд этишди.


Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, биринчи гуруҳ аъзолари вазифаларни яхши уддалашган. Берилган вазифалар бажарилаётган бир пайтда махсус ускуна - фМРТ мия фаоллигининг ошишини кўрсатган.

Кўк рангли чироқ таъсири остидаги фикрлаш қобилиятининг ўсиши у ўчирилгандан кейин яна 40 дақиқа ўз фаоллигини сақлаб турган. Олимларнинг сўзларига кўра, кўк ранг диққатни жамлаш ва тезроқ қарор чиқариш керак бўлган жойларда, масалан, учувчилар кабинаси ёки жарроҳлик ўтказиладиган хоналарда қўлланиши мумкин.