Тошкент шаҳрида 36 кундузги дам олиш маскани ўз фаолиятини бошлади. Ушбу оромгоҳларда 7-13 ёшдаги 16 мингдан ортиқ ўғил-қиз дам олиши мумкин. Биринчи ўн кунликда дам олувчи 4300 дан зиёд ўқувчи учун «Салом, сенга оромгоҳ!» тадбирлари бўлиб ўтаётир. Тарбиячи сифатида жалб этилган умумтаълим мактабларининг саккиз юзга яқин педагоглари учун Тошкент шаҳар педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти қошида ўқув машғулотлари ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.  

Кундузги оромгоҳларга жалб этилмаётган ўғил-қизлар учун таълим муассасаларидаги тўгараклар, спорт майдончалари, кутубхона ва маънавият хоналари ишлаб турибди.

Муассасалардаги тўқиш, дурадгорлик, кулолчилик, либослар дизайни  машғулотлари болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади. Доира, дутор, рақс, актёрлик маҳорати тўгараклари ўғил-қизларда катта қизиқиш уйғотса, турли фанларга, хусусан, чет тилларига оид машғулотлар   ўзлари қизиққан соҳалар бўйича билимини янада мустаҳкамлайди.