1962 йилда туғилган, муқаддам судланмаган, бир нафар фарзанднинг онаси, асли Фарғона вилоятилик бўлган Сурайё Мадумарова (исм-фамилияси ўзгартирилган) ҳам фирибгарлик билан пул топиб бойиб кетишга умид қилиб, шу ишга қўл уради. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда. 

Ўзининг яқин таниши бўлган Латофат Абдиевага бир таниши янги машинасини сотмоқчилигини, арзонроқ нархда олиб бериши мумкинлигини айтади. Бу гапларга ишонган Л.Абдиева ҳам пайтдан фойдаланиб, арзон нархда машина олиб қолишини ўйлаб, тезда ўғли билан масалаҳатлашади. У ўғли миниб юрган “Матиз” русумли машинаси, ўзининг тилла буюмларини ҳам сотиб, 8000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни тахлаб қўяди.  С.Мадумаровага телефон қилиб пул тайёрлигини айтади. С.Мадумарова ҳам вақтдан унумли фодаланиш учун ўша заҳотиёқ уларни уйига чақиради. Латофат ҳам ёнига ўзининг ва қариндошининг ўғлини олиб Сурайёнинг уйи олдига келади. Кўчага чиққан Сурайё уйининг подъезди олдида пулларни санаб олади. Латофатнинг ўғли энди машинани кўрмоқчилигини сўраганида, Сурайё ҳозир шошиб турганлигини, машинани эртага кўришини, Латофатнинг эса пулни олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беришини сўраганда “вой уят бўлар-а, шунча йиллик қадрдонлармиз...” - дея тезда машинага ўтириб кетиб қолади.

Шундай қилиб, Сурайёга ишонган Латофат-у ўғли машиналаридан ҳам пулларидан ҳам ажраб қоладилар. 2004 йилдан буён бир-бирларини яхши таниган Латофат ва Сурайёнинг ўрталаридаги яхши муносабатларга “Нексия” машинасини арзонроқ ҳамда таниш-билишдан оламан, деб ўйлаган Латофатнинг ўғли 1989 йилда туғилган Азимжон Абдиевнинг “сабрсизлиги” оқибатида путур етади. Бир йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ўзининг янги “Нексия”сини зориқиб кутган Азимжон ўтган вақт мобайнида Сурайё Мадумарованинг уйига неча маротаба бориб келганлигини ўзи ҳам ҳисобига етолмайди. 2014 йилнинг ноябрь ойида пул бериб қўйиб, бир ярим йилча вақт мобайнида кутган Азимжоннинг сабр косаси тўлади ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи орган вакилларига мурожаат қилишдан ўзга чораси қолмайди.

Шундан сўнг, олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасида ҳамма ишлар аён бўлади ва Сурайё ўзининг ўртоғи Латофатни алдаб юрганлигини ҳам тан олади. Ўша пайтларда Сурайёга жуда ҳам пул зарур бўлиб қолади. У ўзининг ишларини ривожлантиришни режа қилган ҳолатда ўртоғи Латофатнинг гапларидан ўғли ўзининг “Матиз” автомашинасини сотиб, пул қўшиб “Нексия” автомашинаси олмоқчилигини эшитади ва ана шу томошаларни ўйлаб топади. Сурайё ўзининг муаммоларини бировнинг пуллари эвазига осонгина ҳал қилиб олади. Аммо ўртоғи Латофатни бир ярим йил мобайнида алдаб келганлигини энди қандай оқлар экан. Азимжоннинг саъй-ҳаракатлари билан бошланган Сурайёнинг дилхираликларини охири кўринмай қолди. Иш чаппасига кетганлигини кўрган Сурайё Латофатнинг эшиги тагида ётиб кечирим сўрар, пулларини ҳаммасини қилиб беришини айтиб, фақатгина аризани қайтариб олишини ёлвориб сўрарди. Нуфузли бир ўқув даргоҳида ўқитувчи бўлиб ишлаб келаётган Сурайё учун бу жуда оғир эканлигини айтиб, Азимжонннг аризасини қайтаришни хоҳларди. Аммо Азимжон онаси ва ўзини бир ярим йил давомида алдаб юргани учун Сурайёни асло кечира олмаслигини айтиб, аризасини ҳам қайтариб олмайди. 

Энди Сурайёнинг устидан жиноий иш қўзғатилиб, у Азимжон ва Латофатдан олган пулларини қайтариши ва уларга етказган озорлари учун ҳам бадал тўлашга мажбур.