Фейсбук ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларидан бири ўзи билан содир бўлган ибратли воқеани ҳикоя қилади.

«Тошкентнинг Лабзак даҳасида, квартирада яшаймиз. «Шаршара» кафесида ошпаз бўлиб ишлайман. Айни «сезон» вақти. Ўғилларимнинг каттаси 13, кичиги 9 ёш. Қизалоғим эса 5 ёшда… Эрталаб кетаман, кеч соат 23:30 ёки 00:00 да ишдан қайтаман.

Уч боламни Аллоҳнинг паноҳига қолдириб, ишга чиқиб кетаман. Катта ўғлим овқат пишириб, синглисига ва укасига қараб ўтиради. «Танимаганга эшик очма, бегона билан гаплашма», деб қулоқларига қуйиб ташлаганман.

Ўша куни дам олиш куним эди. Кичик ўғлим: «Бугун уйдамисиз, аяжон? Манти қилиб берасизми?» – деб қолди. Мен: «Ҳа, болажоним, қилиб бераман», дедим.

Шу пайт телефон жиринглади. Олсам, кафенинг бошлиғи, «Тез етиб кел, аэропорт банкетга буюртма берди», дейди. Мен: «Ахир дам олиш куним-ку», десам, «Эртага дам оласан», деб кўнмади.

Ишга бордим, соат 11:30 гача югур-югур, чоп-чоп қилиб ишни йўлга тушириб олдим. Аэропорт ходимлари доим мен тайёрлайдиган айрим сайли лағмон ейишар эди. Мен катта товада сай қовураётсам, Гулдона исмли қозоқ қиз катта қозонда доғланган пахта мойини кўтариб, бир жойда бошқа ёққа олаётиб оёғи сирғалиб кетса бўлади-ми… Елкамга урилиб, ўнг қўлим устига мой тўкилганини ва нимагадир теримга қўшилиб тирноқларим ҳам оқиб тушаётганини эслайман, холос…

Кўзларимни очсам, ТошМИда ётибман, ана азоб… Қўлларим куйиб кетган, терисини шилиб ташлашган, пушти ранг бўлиб гўшти чиқиб қолган. Томирларим кўкариб, қимирлаб, учиб-учиб турганини кўрардим. Бирам ачишади-ей… Оғримайди… Аммо ачишиши ёмон…

Эртаси куни ўрнимдан тураман деб йиқилиб тушдим-у, чап қўлим тирсакдан синиб турибди-да. Тасаввур қилинг, бир қўл гипс, бир қўл арчилиб ётибди… У ёқда болаларим ёлғиз қолган…

Ҳар тугул кафенинг бошлиғи инсофли эди, ўша Гулдонани уйимга юборибди, «Чиққунича қарайсан», деб. Ош-овқатга пул ташлаб, даволанишимга ҳам анчагина пул берди.

Мен салкам бир ой, яъни, 28 кун ётиб чиқдим. Уйга келганимнинг эртаси куни Гулдона ишга кетди. Қўлимга суртадиган маз бор, 2400 сўм туради. Ўшандан бир ҳафтада 4 таси кетади. У маз ҳам фақат Максим Горкийдаги (Буюк Ипак Йўли метро бекати) ҳарбий госпиталда бор. Бошқа жойда йўқ. Охирги буюм – тилла занжиримни синглимга гаровга бериб, 100 000 сўм олдим ва ўғлимни мазга юбордим. Олиб келди. Тирикчилик ҳам ҳаминқадар, бир ёқда ижара хаққи беришим керак, уйнинг эгаси 4 марта келди…

Рўза кунларининг охири эди…

Ўғилларим эрталаб туриб чиқиб кетишди-да, бозордан қоғоз териб, макулатурага топшириб, уйга картошка билан бўлка нон, синглисига печене олиб келишди. Мен на картошка тозалай оламан ва на бошқа иш қила оламан. Иккала қўлим ҳам боғланган. Ўғлим бир амаллаб картошка қайнатди, қовуриш учун уйда ёғ қолмабди. Орадан 2 кун ўтиб Рамазон Ҳайити келиши керак. Арафа куни қўшнилардан ош чиқди… Кимдир мохора, кимдир ширинлик билан йўқлабди..

Ўгилларим: «Аяжон, эртага ҳайит намозига борсак майли-ми?!» – деб қолишди. Мен: «Йўқ, болам. Кийимларинг эски, ҳамма ясаниб борса, сизлар ўксийсизлар. Борманглар», десам ҳам «Майли, ойижон. Борини ювиб, кийиб борамиз», деб иккаласи жемпер, шимларини ювиб, газнинг тепасига илиб қуритишди.

Эрталаб икки ўғлим пиёда Лабзакдан Чорсуга қараб кетишди. Мен деразадан қизим билан намоздан қайтаётганларни кузатаман.. Кўзларимга ёш келади… Айни пишиқчилик, куз палласи эмас-ми, патир, узум, қовун, тарвуз, ширинликлар кўтариб одамлар қаёқларгадир шошилади…

Эшик очилиб, иккала ўғлим кириб келишди. Уларни қучоқлай десам, қўлларим боғлиқ. Мени қучоқлаб, ўпиб табриклашди. Синглисини ҳам. «Эшикни ёпманг, ойи», – деб машинадан нималарнидир таший бошлашди. Сумка тўла озиқ-овқатлар, ширинликлар, қизчамга қўғирчоқ ва бош оёқ кийим, бир қутида гўшт, ёғ… Кейин эътибор берсам, иккала ўғлим ҳам ясаниб олишган… Оғизлари қулоғида…

Дастурхон ёзиб, патирни ушатишди. Ширинлик ва меваларни қўйишди. Кичик ўғлим: «Аяжон, товуқдан табака пишириб беринг», деса-ми… Акаси: «Аям қандай пиширади? Қўллари касал-ку! Мен пишириб бераман», деди… Мен айтиб турдим, ўғлим духовкада товуқ димлади.. Болаларимнинг овқат ейишини кўриб йиғладим…

«Қани, энди гапиринглар-чи?» – дедим уларга. Кичик ўғлим гап бошлади (шу ўғлим кичиклигида коляскадан йиқилиб тушган, «р» билан «қ» харфини қийналиб талаффуз қиларди ўшанда): “Намозга бордик, ёмғир севалаб ёға бошлади. Масжидда жой қолмаган экан. Бир амаки ёнига чақириб, ўтирғизди. Сиз ўргатганингиздай, «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм», деб имомга иқтидо қилдим. Намоз ўқидик. Ҳамма охирида дуо қилди, мен ҳам дуо қила бошладим:

«Художон! Аям тузалиб қолсин! Жалол тоға уйнинг пулини сўрамай турсин! Аям тузалиб, бизга ширин овқатлар қилиб берсин! Тезроқ катта бўлиб қолайлик! Акам билан ишлайлик! Бозорда мелиса қувламасин бизни! Синглим печений деб йиғламасин» – деб дуо қилаётсам, ёнимдаги тоға йиғлаяпти. Унинг ёнида ўтирганлар ҳам елкалари силкиниб йиғлашяпти. Мен овозимни чиқариб, қўлларимни кўтариб, дуо қилаяпман…

Акам бўлса, «Эй» деб, менга «Тур, кетамиз», дейди. Дуо қилиб бўлиб акам билан кетмоқчи эдик, ўша амаки мендан: Қаердансизлар? Аянг қаерда? Даданг қани?» – деб сўради. «Дадам Россияга кетиб, келмай қолган. 4 йилдан ошди. Аямнинг қўли куйиб уйда касал ётибди, ишга боролмаяпти», дедим…”

Хуллас, ўша амаки ўғилларимни бозорга олиб тушиб кийинтирибди, қизимга ҳам кийим олишибди. Уйга озиқ-овқат совғалар билан ўғлимнинг қўлига 50 000 сўм пул бериб, манзилимизни сўрабди. Ўғилларим раҳмат айтиб: «Тоғажон, исмингиз нима? Исмингизни айтинг, аям сизни дуо қиладилар», дейишибди. Мен эса йиғлардим, холос…

Орадан ярим соатлар ўтиб эшик тақиллади. Ўша Музаффар ҳожи амаки аёли, ўғли, келини билан кириб келишди. Бироз суҳбатлашиб ўтиришди. 9 ёшли ўғлимнинг овоз чиқариб айтган дуосидан йиғлаган ҳожи ака қаттиқ таъсирланибди ва шунчалик хайри саховат кўрсатибди. Маҳалла оқсоқоли, қўшнилар ҳам хабар олишди, рўза, фитр пулларидан деб бериб кетишди… Мен эса йиғлаб раҳмат айтардим, холос. Ҳожи амаки уй ижара ҳақининг бир йиллигини тўлаб, телефонимизни тузатиб, улатиб берди. Мен ишга қайтгунимча ўғли хабар олиб турди, ҳар жума аёли билан йўқлаб, ўзи кириб келарди…

Мана шу воқеага ҳам 10 йил бўлибди. Шукр, қўлларим тузалиб кетди. Уй ҳам олдим. Ўғилларим улғайиб, ёнимга кириб қолишди, меҳнаткаш, ақлли, мулоҳазали йигитлар бўлишди. Ҳар йили Рамазон ойи келса, шу воқеа эсимга тушади. Кўзларимдан дув-дув ёш тўкилади. Норасида беғуборимнинг қилган дуолари юрагимни титратганди…

Дунёда меҳрибон, саховатли инсонлар кўп! Ойларнинг буюги моҳи Рамазон кезиб юрибди. Бепарво бўлмайлик, азизларим! Қўшнининг қозонида бир бурда гўшт бормикан?! Рўзғорида камчилиги, етишмовчилиги бормикан? Касал эмасми?! Дори дармони етарлими?! Хабар олиб туринг!

Баҳоли қудрат ҳол сўрашга ярайлик! Сабрнинг хайри, саховатпешаликнинг ажри бор!»