Японияда маҳаллий ҳукумат томонидан субсидиялаштирилган ёш аёлларнинг тухум ҳужайраларини музлатиб қўйиш бўйича биринчи давлат дастури кучга кира бошлади. Бу ҳақида Киодо агентлиги хабар берди.

Унинг маълум қилишича, Тиба префектурасидаги Ураясу шаҳрида жойлашган Дзюнтэндо университетининг госпиталида дотациялар ёрдамида 30 ёшгача бўлган биринчи аёлнинг тухум ҳужайралари музлатилди, яна 11 нафар мижоз бу муолажага тайёрланмоқда. 

Ураясу ҳукумати 2015 йилда Япониядаги паст туғилиш кўрсаткичи билан курашиш дастури доирасида тухум ҳужайраларини музлатиш бўйича ҳамкорлик лойиҳасига тайёргарлик кўра бошлашди. Тиббиёт этикаси қўмитаси жорий йилнинг март ойида бу дастурни тасдиқлади. 

Киодо агентлигининг маълумотларига кўра, Ураясу ҳукумати шаҳар аҳолиси келажакда болалар туғилишини режалаштира олиши учун  субсидия сифатида уч йилга (2018 йилнинг мартигача) 90 миллион иен (844 минг доллар) сарфлашни кўзда тутмоқда. 

Субсидиялар Ураясуда яшовчи 20 ёшдан 34 ёшгача бўлган аёлларга 45 ёшдан кейин музлатилган ҳужайраларни ишлатиш шарти билан берилади. Бу тиббий жараён аёлларга 500-600 минг иенга (5000-6000 доллар) тушар эди, аммо ҳукумат субсидиялари ушбу харажатларни 100 минг иенга (деярли 1000 долларга) туширади.