Аралаш жанг услуби жангчиси, россиялик Федор Емельяненко ўзининг навбатдаги рақиби бразилиялик Фабио Мальдонадодан бир килограммга оғирроқ чиқди. Бундан Санкт-Петербургда бўлиб ўтадиган жанг олдидан вазн ўлчаш натижалари дарак бермоқда.

Жанг 17 июнда Петербург халқаро иқтисодий форуми маданий дастури доирасида бўлиб ўтади.

Вазн ўлчаш вақтида Емельяненко 105,95 кг, Мальдонадо 104,75 кг тош босди.

2015 йил ёзда фаолиятини қайта бошлашини эълон қилган Емельяненко 31 декабрда Японияда ҳиндистонлик Жейдип Сингхни муддатдан аввал мағлуб этди. Энди россиялик жангчи ҳисобида 39 та жангдан 35 та ғалаба ва 4 та мағлубият бор. Россиялик спортчининг иштирокидаги битта учрашув бўлиб ўтмаган деб топилган.

Емельяненко оғир вазн тоифасида Япониянинг Pride ташкилоти талқини бўйича аралаш яккакураш ҳамда жанговор самбо бўйича 4 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади. 

Петербург халқаро иқтисодий форуми Россияда ҳар йили ўтадиган энг муҳим иқтисодий анжуман ҳисобланади. 1997 йилдан бери форумда турли давлатлар етакчилари, молия вазирлари, Россия ва хорижий компаниялар раҳбарлари, молиячилар ва олимлар Россия ва ривожланаётган давлатлар бозорлари олдида турган иқтисодий масалаларни муҳокама қилгани учрашадилар. 2005 йилдан форум ишида Россия президенти ҳам иштирок этиб келади.