Германиянинг “FairNews” ахборот ресурси ўз порталида Тошкентга бағишланган мақола чоп этди. Ушбу мақолада немис ўқувчиларига пойтахтимизнинг тарихи, унинг қайта тикланиши ва ҳозирги қиёфаси ҳақидаги маълумотлар берилган. 

"Бу маскан кишини оҳангарабодек ўзига мафтун этади, у ердаги одамлар ҳамда ижобий муҳитни тасвирлашга сўз ожизлик қилади. Тошкентга борган хорижлик меҳмонлар буни жуда яхши билишади. Тошкент ўзига хос ва бетакрор шаҳардир" дейилган мақолада. 

Шунингдек унда юртимиздан жаҳонга машҳур олимлар, адиблар, донишмандлар, буюк санъаткорлар, спорт усталари ҳамда жамоат арбоблари етишиб чиққани алоҳида қайд этилган.

"Ўзбекистоннинг пойтахти жаҳон сиёсий ва ишбилармонлар элитасини ўзига жалб этаётган маскан сифатида хизмат қилмоқда. Тошкентда мунатазам равишда юксак даражали халқаро форумлар ўтказилади. Охирги йилларда пойтахтда ШҲТ давлат раҳбарларининг кенгаши, Минтақавий аксилтеррор тузилмаси мажлислари, Осиё  тараққиёт банки ва Осиё қуёш энергияси форуми каби бир қатор нуфузли анжуманларнинг ўтказилиши бунинг яққол мисолидир", дейилади порталда. 

Мақолада шунингдек шаҳримиз тарихий қиёфасини сақлаб қолиш билан бирга янгиланишда давом этаётгани алоҳида қайд этилган. Янги қурилаётган меъморчилик намуналари - замонавий меҳмонхоналар, кўприклар, турар жойлар, хиёбонлар, йўллар қурилаётгани ҳамда бу билан шаҳар аҳолиси ва меҳмонларига қулай шароит яратилаётгани таъкидланган. Унда Мустақиллик майдони, Хотира майдони, Марказий Осиёда ягона Тошкент телеминораси, метрополитен, Чорсу бозори, Ҳазрати имом, Шайх Зайниддин, Шайх Ҳованди Тоҳур, Юнусхон, Қалдирғоч-бия каби меъморий обидалар ҳақида сўз юритилган. 

Шунингдек юртимиздаги тинчлик, миллатларо ҳамжиҳатлик ва барқарорликка урғу берган. Мақола сўнгида муаллиф Тошкентдек эртакнамо шаҳарга ташриф буюриб, бу ердаги меҳмондўстлик, ажойиб манзара ва мазали таомлардан баҳраманд бўлишга чақиради.