Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик ҳаддан зиёд иссиқ ичимликлар (чой, қаҳва ва ҳ.к.) истеъмоли соғлиқ учун хавфли эканини аниқлади. Бу ҳақида The Independent нашри хабар беради.

«Натижалар шуни кўрсатадики, ҳаддан зиёд иссиқ ичимликларни ичиш қизилўнгач саратонига олиб келиши мумкин. Ичимликлар эмас, айнан уларнинг ҳарорати саратоннинг ривожланишига сабабчи бўлади», — дейди Саратонни ўрганиш бўйича халқаро агентлик  директори Кристофер Уайльд.

Олимлар Цельсий бўйича 65 даражани энг хавфли ҳарорат деб топишди. Мана шу ҳароратдан паст бўлган ичимликларни истеъмол қилиш инсон учун хавфсиз бўлиб, ундан юқори даражада эса қизилўнгач саратони келиб чиқиш  эҳтимоли кучли бўлади. 
 
«Чой ёки қаҳва анъанавий тарзда қайноқ (70 даража атрофида) ҳолда ичилувчи Хитой, Туркия, Эрон каби мамлакатларда, шунингдек, Жанубий Америка давлатларида ўтказилган тадқиқот қизилўнгач саратони хавфи ҳарорат билан ўсиб боришини кўрсатди», — деб қайд этади БССВ.

Олимлар хулосаси қаҳва ҳамда Жанубий Америкада оммалашган мате ичимлиги таркибида ракни қўзғатувчи хусусиятлар борлиги ҳақидаги мингдан  ортиқ метатаҳлилларга асосланган. Олимлар томонидан ўтказилган тадқиқот алкоголь ва тамаки истеъмоли билан боғлиқ  хавфли омилларни ҳам ҳисобга олди.

Қаҳва ҳамда мате ичимлиги 1991 йилда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «инсонда ракни келтириб чиқарувчи» ичимлик сифатида қайд этилган эди. Энди бу гуруҳга Цельсий бўйича 65 даражадан ортиқ ҳароратдаги иссиқ ичимликлар ҳам киритилди.