Америка The Voice телешоуси иштирокчиси  Кристина Гриммининг қотили хонандага боғланиб қолган бўлиб, ишдаги ҳамкасбларига  улар турмуш ўртоқ бўлишини айтиб ўтган, деб хабар беради TMZ.

27 ёшли Кевин Лойбл фаолият юритган Best Buy компанияси ходимларининг фикрига кўра, у кўз жарроҳлиги, соч экиш бўйича операцияларни бошдан ўтказган ва озиш учун вегетариан бўлган. Ишхонада у тинмай Кристина Гримми қўшиқларини тинглаган. Март ойида Кевин хонанданинг концертида иштирок этиб, ҳамкасбларига у билан танишгани ҳақида айтиб ўтган. У Кристина билан бирга онлайн ўйинлар ўйнашини маълум қилган. Хонандага яқин бўлган кишиларнинг қайд этишича, Кристина ҳеч қачон Лойбл билан таниш бўлмаган. 

Маълум бўлишича, ҳамкасблар Гриммининг продюсери — унинг севган йигити эканлигини айтиб, Лойблнинг ғашига тегишганида, у қаттиқ ғазабланган.  

10 июнь куни Орландодаги Plaza Live концерт залида Гримми Before You Exit гуруҳи билан берган концертдан сўнг, мухлисларга дастхатлар улашаётган маҳал Кевин Лойбл қизни бошига ўқ узган. Гриммининг акаси қотилни тутишга ҳаракат қилади, бироқ Кевин ўз жонига қасд қилади.