Ёз келиши билан кунлар исиб, катта шаҳарлар аҳолиси ўз ҳаётини кондиционерсиз тасаввур қила олмай қолди. Бироқ сайёрамизда бутун йил бўйи дим ҳаво бўлса-да, аҳолиси ўзига бундай замонавий ускунани сотиб олишга қодир бўлмаган шаҳарлар, ҳатто мамлакатлар бор. 

"Экокулер" номли лойиҳа ишлаб чиқарувчилари хонани электр энергиясисиз музлатишни ўйлаб топишди. Бундай ускунани ясаш учун оддий пластик бутилкалар ва картон бўлаги керак бўлади. Ушбу мураккаб бўлмаган қурилма Бангладешнинг 25 мингдан ортиқ электрсиз уйларида ўрнатилди.

Бундай "кондиционер"ни ясаш осон ва арзон: қалин картон бўлагида бутилка оғзидек келадиган тешикчалар кесиб олиш керак.

Сўнгра бутилканинг ярмини кесиб олиб, бўйинли қисмини қолдириш керак, қопқоқнинг тепа қисмини қайчи билан кесиб ташлаш лозим. 

Бутилкаларни оғиз томони билан картон доскадаги тешикчаларга жойлаштириб чиқилади. 

Қопқоқларни бошқа томондан маҳкамлаб, уни деразага шундай жойлаштириш керакки, бутилкаларнинг бўйин қисми хонанинг ички томонига қаратилсин. 

Бутилка диаметри ва бўйин диаметри ўртасидаги фарқ қанча кўп бўлса, шунча яхши. Оғзингизни катта очиб, қўлларингиз кафтига нафас чиқариб кўрсангиз, ҳаво салқинлашади, шундай эмасми?

Бу ерда ҳам худди шу оддий тамойил иш беради: иссиқ ҳаво бутилкага киради, бўйин қисмидаги сиқилиш туфайли у бироз совийди ва хона салқинлашади. Тафовут тахминан 5 даражани ташкил этади, лекин иссиқ ўлкалар учун шу озгина салқинлик ҳам сезилади. Кўриб турганингиздек, ҳаммаси оддий, фойдали ва арзон!