Покистон ва Афғонистон чегарачилари Торҳам чегара нуқтасида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Покистондаги Nation нашри хабар тарқатган.

Икки давлат чегараси ҳудудида 13 июнга ўтар кечаси отишма келиб чиққанди. Бунга покистонлик чегарачилар Торҳамдаги назорат пунктига дарвоза ўрнатгани сабаб бўлган. Аввалига бир неча соат давомида отишма бўлган. Охирги жанг эса 16 июнга ўтар кечаси содир бўлган.

Нашрнинг Покистон хавфсизлик хизматидаги манбаси маълумотига кўра, томонлар тинчлик сулҳига эришишган. Икки давлат чегара хизмати вакиллари қисқа учрашув ўтказган ва икки томон ҳам чегарада оқ байроқ кўтарган. Сулҳ тузилиши биланоқ покистонлик чегарачилар дарвоза қуришни давом эттирган.

Афғонистоннинг Исломободдаги элчиси Умар Заҳивалнинг маълум қилишича, келишувга унинг Покистон ҳукуматидаги алоқалари орқали эришилган. Бу жараён давомида у Кобулга учган ҳамда мамлакат президенти Ашраф Ғани ва мамлакат хавфсизлик хизмати раҳбарлари билан маслаҳатлашган. Кобул ва Исломобод чегарадаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида музокараларни давом эттиради.

Ўтган 4 кун давомидаги отишмалар натижасида 2 нафар афғонистонлик ҳамда 1 нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлган. Шунингдек, икки томондан жароҳатланганлар сони 20 нафардан ортган.

Исломободнинг билдиришича, покистонликлар ўзаро чегара чизиғигача 30 метр масофада дарвоза ўрнатмоқда. Афғонистонликлар эса "асоссиз ўт очган". Кобул бу айбловни инкор этмоқда, афғонларнинг айтишича, покистонликлар ўзаро келишувга зид ҳаракат қилишган ва улар ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун ўт очишган.