РФ Тула шаҳри Привокзальный туман суди 2016 йил 15 июнь куни келиб чиқиши ўзбекистонлик Россия фуқароси Қувончбек Абдиназаровга нисбатан ҳукм чиқарди. У РФ Жиноят кодексининг 207 моддаси 1 банди (қасддан терроризм акти ҳақида ёлғон хабар бериш)да кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топилган. 

Суд томонидан аниқланишича, 2016 йил 21 март куни рафиқасининг Ўзбекистондан Россияга келишини хоҳламаган Қувончбек, спиртли ичимликлар таъсири остида, мобиль телефонидан «112 хизмати»га қўнғироқ қилиб, «Шереметьево» аэропортида бомбалар билан террорчилар борлигини ва бу ҳолат хотинининг ҳаётига таҳдид солаётганини айтган. 

Мазкур ёлғон хабар сабаб кўрилган чоралар натижасида, аэропортда ҳеч қандай бомба ёки террорчилар йўқлиги аниқланган. 

Суд маҳкамаси Абдиназаров қарамоғида ёш бола борлиги, унинг муқаддам судланмагани Россия ҳудудида рўйхатдан ўтгани ҳамда ижобий тавсифномага эга бўлганини инобатга олиб, унга 300 соатлик мажбурий меҳнат жазосини тайинлаган.