АҚШ президенти лавозимига номзод, миллиардер Дональд Трамп Россия қуролли кучлари охирги йилларда анча кучлироқ бўлган, Россия ядровий арсенали эса АҚШникидан анча мукаммалроқ, деб ҳисобламоқда. Тадбиркор бу ҳақда 15 июнда Атланта шаҳридаги нутқида айтиб ўтди.

"Тўғрисини айтганда, Путин ҳарбий кучларни яна, яна ва яна мустаҳкамламоқда. Уларнинг ҳарбий кучлари анчагина кучли. У ядровий қурол билан шуғулланади, биз эса ҳеч нарса билан", деб Трампнинг сўзларини келтириб ўтди CNN телекомпанияси.

"Бизнинг ядровий қурол эски ва увадаси чиққан, Россияники эса, эшитишимча, энг янги. Яхшиси эҳтиётроқ бўлинг, хўпми?", деб киноя билан қўшимча қилди Трамп.

Трамп, шунингдек, президент этиб сайланса, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан нафақат суҳбат олиб бормоқчи, балки уни Оқ уйда қабул қилиш ниятидалигини айтди.

"Сизга аниқ айтишим мумкин, мен Пхеньянга бормасдим. Агар у (Ким Чен Ин) бизга келса, уни кутиб олардим, бироқ унинг шарафига бизни шилаётган Хитой ёки бошқа давлатлар учун уюштириладигандек давлат қабулини уюштирмасдим", деб айтди Трамп.