Хитой Халқ Республикаси (ХХР) раҳбари Си Цзиньпин 21-24 июнь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келади ва ШҲТ аъзолари бўлган Давлат раҳбарлари кенгашининг 15-саммитида иштирок этади. Бу ҳақида Хитой ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси Ли Хуэйлай маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, ХХР раҳбарининг Ўзбекистонга ташрифи Хитойнинг Ўзбекистон, шунингдек Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан муносабатларини янги босқичга олиб чиқишида катта роль ўйнайди.

"Ўзбекистон Хитойнинг стратегик ҳамкори ҳисобланади, шунингдек "уч куч" билан курашишда ҳамда Ипак йўли иқтисодий тизимини қуришда муҳим аҳамият касб этади", - деди вазир ёрдамчиси. 

"Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги 24 йиллик дипломатик алоқалар муваффақиятли ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда икки томонлама муносабатлар ўз тарихидаги энг яхши даврни бошдан кечирмоқда", - таъкидлади Ли Хуэйлай. 

Унинг сўзларига кўра, ташриф давомида икки мамлакат раҳбарлари янги шароитларда ўзаро алоқаларнинг ривожланиши, Ипак йўлида иқтисодий тизимни барпо этиш, шунингдек халқаро ва минтақавий масалалар борасида фикр алмашишади, ҳамкорликнинг бир қатор муҳим лойиҳаларини белгилаб олишади ҳамда "Хитой-Ўзбекистон қўшма баёнотини имзолаб эълон қилишади". 

Манбага кўра, икки мамлакат ўртасида дипломатия, савдо-сотиқ, иқтисодиёт, интеллектуал мулк ва молия соҳаларида кўп сонли битимлар имзоланиши кутилмоқда.