16 июнь куни «Тошкент» телеканалида Ўзбекистон ҳудудида молия пирамидаси ташкил этган, халқ орасида "Аҳмадбой" дея ном қозонган, ноқонуний валюта операциялари билан шуғулланиб келган Аҳмаджон Турсунбоевнинг Тошкент вилояти ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўлга олингани ҳақида қисқа махсус репортаж намойиш этилди. Бу репортаж каналда кечки соат 20:15 ва 22:15да такроран намойиш этилди. Шунингдек, «Ўзбекистон» каналида ҳам кечки соат 20:15 ва 21:30да эфирда шу лавҳалар. 

Репортажда келтирилишича, Турсунбоев — Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Чиноз ҳалол чорва» ва «Чиноз авто ҳамкор» масъулияти чекланган жамиятлари таъсисчиси ҳисобланади.

У ва унинг ходимлари аҳолидан ҳеч қандай кафолат бермаган ҳолда энг камида 100 фоизлик йиллик устама билан қайтариш шарти билан миллий ва хорижий валютада пулларни қабул қилиб олган. Янада аниқроғи, томонлар бирор кор-ҳол содир бўлган тақдирда пул топшираётганларнинг яқинлари уларни қайтаришни талаб қилмаслигига келишган. Қўшимча равишда, Турсунбоев ойига 40 фоизлик устама билан хорижий валютада қарзга пул бериш билан ҳам шуғулланган.

Бу каби амалиётларда иштирок этганлар сони бир неча ўн минг кишини ташкил этган. Пул топширганлардан бирининг репортажда таъкидлашича, 8 млн сўмни топширган ва 10 ойдан сўнг уни 16 млн қилиб қайтаришга келишган — ҳар ойда 1,6 млн сўмдан.

Турсунбоевнинг ҳисобчиси интервьюда кунлик айланма 1 млн долларни ташкил қилгани ҳақида гапирди. У аввал пул топширганларга кейин топширилган пуллар ҳисобидан фоизлар тўлаб борилганини айтган.

Шунингдек, аҳолидан нақд пулдан ташқари автомобиллар, қимматбаҳо буюмлар ҳар ойда фоизлар тўлаб бориш шарти билан қабул қилинган. Бу жараён ҳеч қандай расмийлаштиришларсиз олиб борилган ва фақат оддий дафтарга кимдан нима олингани ёзиб қўйилган.

Аҳолидан олинган маблағларнинг бир қисмига чет элдан турли товарлар ва қимматбаҳо буюмлар олиб келиниб, тадбиркорларга устама фоиз эвазига тарқатилган. Репортажда Аҳмадбойнинг ҳашаматли уйидаги гаражда жойлашган қимматбаҳо автомобиллар ((Cadillac Escalade, BMW, Lexus) кўрсатилган.

Шунингдек, аҳолидан 1 йилда 2та қилиб қайтариш эвазига қорамоллар ҳам қабул қилинган ва улар учун фермалар ташкил этилган. Ходимлардан бири шу мақсадда 5-6та ферма қурилгани, уларнинг ҳар бири 5-6 минг туёқ қорамол учун мўлжаллангани ҳақида гапирган.

Репортажда қайд этилишича, бу гуруҳ 4-5 йилдан буён фаолият кўрсатиб келаётганди.

Маълум қилинишича, тезкор тадбир орқали Аҳмадбойдан ташқари унинг беш нафар ёрдамчиси ҳам қўлга олинган.

Улар автомобилларни нақд чет эл валютасига сотиш ва валютани конвертация қилишда айбланади.

Турсунбоевнинг ва унинг яқинлари уйларида, шунингдек, унга тегишли компаниялар офисларида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 13,139 млрд сўм ҳамда 7,9 млн доллар нақд пул топилган. Вазият юзасидан жиноий иш қўзғатилган, тергов ишлари олиб борилмоқда. 

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб аҳолига нақд чет эл валютаси сотиш тақиқланган. Валюта сотиб олиш учун фуқаролар банкда ҳисоб рақами очиб, валюта ушбу ҳисоб рақамига боғлиқ бўлган, халқаро тўлов тизимларида ишлайдиган, банк карталарига ўтказилар эди.