Мана болажонлар орзиқиб кутган ёзги таътил мавсуми ҳам бошланди. Ўқув йили давомида қунт билан илм олган ўқувчилар энди ёзги оромгоҳлари бағрида дам оладилар. Аслида, оромгоҳлар мароқли дам олиш масканлари вазифасини ўташ билан биргаликда, у ерда ўтказиладиган тадбирлар ва олиб бориладиган тўгараклар бола дунёқарашини бойитиш, ижодий қобилиятини шакллантириш, унинг ҳар томонлама маънавий камол топишига ёрдам берувчи асосий тарбия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Олтинкўл туманида фаолият юритувчи “Навбаҳор” ёзги соғломлаштириш оромгоҳи баҳаво, соя-салқин дарахтлар билан билан ўралган ўрмон ҳўжалиги ҳудудидига жойлашган.

Бугун ушбу дам олиш масканида илк давранинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирни туман ҳокимлиги бош мутахассиси Зафарбек Исмоилов очиб, болажонларга ёзги мавсумда мазмунли дам олишларини тилади ва оромгоҳда уларни кўнгилли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилганини айтиб ўтди. Сўзга чиққан “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси Гулноза Сатимова таътил давомида ўтказилиши кўзда тутилган қизиқарли тадбирлар тўғрисида маълумот берди. Шундан сўнг, туман маданият уйи санъаткорлари ҳамда 17-сон мусиқа ва санъат мактаби иқтидорли ўқувчилари томонидан тайёрланган катта концерт дастури намойиш этилди.

-Оромгоҳимиз уч давралик мавсум давомида 650 нафар ўқувчиларни қабул қилади,-дейди маскан директори Шербек Пўлатов. Масканимизда ёз мавсумида ташриф буюрадиган болажонларни мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар етарли. Турли тадбирлар ўтказишга мўлжалланган очиқ саҳна шай ҳолатга келтирилган. Тиббиёт ва маънавият хоналари тўлиқ таъмирдан чиқарилган. Ҳудудда учта гулзор яратилиб, минг тупдан зиёд турли гул кўчатлари ўтқазилди. Таътил болаларнинг мириқиб дам олишлари, турли туман тадбирларда иштирок этиб, ижодий ва ташкилотчилик қобилиятларини ривожлантиришга кенг имкон берувчи давр. Оромгоҳимизда мавсум давомида иш олиб бориш учун малакали етакчилардан иборат жамоа шакллантирдик. Ўйлайманки, фарзандларимиз масканда кўнгилли ҳордиқ чиқариб янги ўқув йилига етарли даражада куч-қувват йиғадилар.

Элмурод ЭРМАТОВ, Андижон