Американинг Microsoft Corp. компанияси асосчиси Билл Гейтс The Times нашрига ёзган мактубида, Буюк Британиянинг ЕИ таркибидан чиқишига оид ўз қараши билан ўртоқлашган. Унинг фикрича, Бирлашган қироллик Европа Иттифоқидан чиқишга қарор қилса, мамлакат хорижий инвестициялар ва бизнес учун аввалгидек жозибали бўлмай қолади. 

Британия иқтисодиётига 1 млрд доллар сармоя киритган тадбиркорнинг ишонч билдиришича, мамлакат иттифоқ таркибида «янада кучлироқ, гуллаб-яшнаган ва таъсирлироқ» бўлади. 

Унинг қайд этишича, Британиянинг ЕИда қолиши ва ягона Европа бозоридан фойдаланиши, унинг компаниясининг илмий-тадқиқот марказларини Кембрижда жойлаштириш қарорини қабул қилишда муҳим аҳамият касб этган. 

Гейтс, шунингдек, Британия ЕИдан чиқса, иқтидорли мутахассисларни топиш ва уларни ёллашда сезиларли қийинчиликларга дуч келади, деган фикрни ҳам илгари сурган.