Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон твиттердаги саҳифасида лейбористлар партияси аъзоси Жо Кокснинг қуролли ҳужумдан кейин ҳалок бўлганидан сўнг мамлакатда Европа Иттифоқидан чиқиш бўйича референдум ўтказиш кампанияси тўхтатиб қўйилганини маълум қилди.

"Мен Жо Коксга ваҳший ҳужумдан кейин кампаниянинг тўлиқ тўхтатилишини тўғри қадам деб ҳисоблайман", деб ёзди Кэмерон.

Кэмерон, шунингдек, Кокснинг яқинларига ҳамдардлик билдирди ва унинг ўлимини "фожиа" деб атади. 

16 июнь куни Англиянинг Уэст-Йоркшир графлиги Бирстолл шаҳрида Жо Коксга қуролли ҳужум уюштирилган эди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қотил кўчада депутатни дўппослай бошлаган, унга бир неча марта пичоқ билан зарба берган, сўнг тўппонча чиқариб, унга ўқ узган. Полиция 52 ёшли Томми Мэйр исмли жиноятчини қўлга туширди. У жиноятни нима сабабдан амалга оширгани ҳозирча номаълум, бироқ у Британиянинг ЕИдан чиқиши тарафдори бўлгани айтилмоқда, у ҳужум чоғида “Британия энг муҳими”, — дея бақирган.